Ўзбекистон ХДП Яккабоғ туман Кенгаши раиси, 17-Учтепа сайлов округи депутати Назира Элмуродова томонидан Учтепа ва Истиқлол МФЙларда "Халқ билан мулоқот: муаммоларнинг самарали ечими" мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида 1 нафар фуқаро Тўлаган Хушвақтовга ногиронлик аравачаси олиб беришда керакли ҳужжатлар тайёрланиб, мутасадди ташкилотларга топширилди. Яна бир фуқаро Раъно Самадованинг мурожаати асосида нафақаси келмаганлиги сабабли, Халқ банкига боғланиб нафақаси етказиб берилди.
Жамила Бобоёрова ва Гулчеҳра Тўраевалар саломатликларини тиклаш мақсадида шифохонада даволанишлари учун ёрдам сўрашди. Ушбу фуқароларни туман шифохонасига ётқизиш учун амалий ёрдам берилиши тушунтирилди.
Шу билан бир қаторда фуқаролар томонидан ичимлик суви, яроқсиз ҳолатга келиб қолган симёғочларни замонавий симёғочларга алмаштириш, қишлоқларга интернет тармоқларини ўтказиш ҳамда тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш масалаларида мурожаат қилинди. Ушбу фуқароларнинг мурожаатлари март ойида Openbudget порталида овоз йиғиш йўли билан ютиб олиш мумкинлиги тушунтирилди.