Президент ташрифи раҳбар-мутасаддиларнинг масъулиятини ошириб, халқимизнинг бирдамлик руҳини кучайтиради

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 1-3 февраль кунлари Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида бўлди. Ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа қатор манзилларга ташриф буюрди. Ҳар бир ҳудудда фаоллар билан учрашиб, олдинда турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Учрашувларда Халқ демократик партияси вакиллари, депутатлар, фаоллар ҳам иштирок этди.

Ташриф давомида рўй берган воқеалар, билдирилган фикрлар бутун мамлакатга ёйилди. Бугун ҳамма муаммоларга таслим бўлиш эмас, уларни енгиб ўтиш, ўсиш, ривожланиш, бирни икки қилиш ҳақида ўйлаши муҳим. Шундагина мураккаб дунёда муносиб ўрнимиз бўлади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлари шу ҳақда, режалари, вазифалари ҳақида фикр юритмоқда.

 

Баҳром ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси в.в.б.:

— Андижон мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган вилоят ҳисобланади ва бу ердаги вазият ўзига хослиги билан ажралиб туради. Албатта, жадал ривожланиб бораётган ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, қамбағалликни камайтириш, аҳолининг муҳтож қатлами ижтимоий ҳимояси ҳар доим муҳим ҳисобланади.

Охирги йилларда вилоятимизда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Янги корхоналар барпо этилиши, кичик ва ўрта бизнес ривожланиши, ўзини ўзи банд қилиш ишларига эътибор кучайгани боис минглаб иш ўринлари пайдо бўлди. Минглаб оилалар даромад манбаига эга бўлди, хонадонларга барака кирди, халқ розилигига эришиш учун замин яратилди.

Хусусан, вилоятнинг чўл ҳудудида жойлашган Бўстон туманида бунёд этилган “Сайёра фаввораси” трикотаж фабрикасига ташриф буюрган ҳурматли Президентимиз 1000 нафар ишчи меҳнат қилаётган замонавий корхона билан танишиш асносида айнан шу масалаларга урғу берди.

Андижонда аҳоли сони кўплиги ва зич жойлашгани ҳамда бир йилда камида 50-60 минг нафарга кўпайиб бораётгани кўрилаётган чора-тадбирлар суръатини янада жадаллаштиришни тақозо этмоқда. Жумладан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш эвазига кўпроқ иш жойлари яратиш лозимлиги ташриф доирасида ўтказилган йиғилишда Президент томонидан ҳам алоҳида таъкидланди. Вилоят раҳбарияти ва фаоллари олдига янги вазифалар қўйилди.

2023 йилда 470 минг нафар аҳолини барқарор иш билан таъминлаш, шу жумладан, хизматлар соҳасини ривожлатириш ҳисобига 135 минг, 10000 гектар ер ажратиб доимий иш билан 75000 нафар ва мавсумий иш билан 200000 нафар иш ўрини яратиш белгиланди. Шунингдек, 2023 йилда 10 минг аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва 1,5 минг нафарига меҳнат қуроллари учун субсидия ажратиш лозимлиги қайд этилди. Ёшлар масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Жорий йилда меҳнат бозорига кириб келадиган 55 минг андижонлик ёшлар билан манзилли рўйхат асосида ишлаб “Ёшлар дафтари” орқали вилоятдаги 23 минг нафар ёшларга кўмаклашилиши зарур. 17 минг нафарига тадбиркорлик учун кредит берилса, 26 минг нафарига деҳқончилик учун ер ажратилиши режалаштирилмоқда. 11 минг нафарини бўш иш ўринларига жойлаштириш чоралари кўрилади. Берилган вазифаларнинг бекаму кўст бажарилиши натижасида Андижон вилояти камбағалликдан холи ҳудудга айланишига эришилиши кутилмоқда.

Энг қувонарлиси, мамлакатимизни тараққий эттириш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури билан ҳамоҳангдир. Барқарор, сердаромад иш жойлари, сифатли таълим, бепул ва малакали тиббий хизмат каби масалалар партиямизнинг доимий диққат марказида бўлмоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ўз ҳудудларида электорат билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, йиғилишларда, сессияларда уларга ечим топилиши муҳим аҳамиятга эга. Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаатлар асосида минлаб сайловчилар ўзларини безовта қилаётган муаммоларга жавоб топиб келмоқда.

2022 йилда партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг 2978 таси ҳал этилди. Депутатлик гуруҳларида 128, доимий комиссияларда 42 масала муҳокама этилди. Маҳаллий Кегашлар сессияларига 38 масала китилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. 48 нафар мансабдор шахслар ҳисоботлари эшитилди.

Лекин тўғрисини айтадиган бўлсак, қилинаётган ишлар етарли эмас. Кучимиз ва имкониятимиздан янада самарали фойдаланишимиз керак. Ҳаракатларимиз натижасида одамлар ишли, даромадли бўлиши жуда муҳим. Демак, олдимиздаги вазифа икки ҳисса ошади. Шундан келиб чиқиб, ижтимоий масалалар ҳал этилиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, бу борада аниқ режа асосида ишлашимиз зарур.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

– Андижон халқи бугун кўтаринкилик руҳида яшамоқда. Президентимизнинг вилоятга ташрифи давомида ўтказилган учрашувларда билдирилган фикрлари, Андижонни, водийни, бутун мамлакатимизни янада ривожлантириш йўлидаги, ўнлаб йиллар ҳал бўлмай келган электр, газ етишмовчилиги каби муаммоларни бутунлай ҳал қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ва ушбу йўлдаги улкан режалар, албатта, қувонтириши табиий.

Президентимизнинг аввалги ташрифи давомида вилоятда аҳоли зич жойлашгани сабабидан уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш бўйича йўл-йўриқ ва аниқ кўрсатмалар берилган эди. Натижада бугун биргина Андижон туманидаги адирлик ерлар ўрнида Андижон шаҳрининг бугунги аҳолисига тенг аҳоли яшашига мўлжалланган салобатли “Янги Андижон” массиви бунёд этилмоқда. Кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар, 1680 ўринли мактаб, поликлиника қурилди. Андижон туманининг энг чекка қишлоғида 55-сонли ёшларни касб-ҳунарга йўналтирувчи мактаб фаолияти йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралаётгани, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасида фақат вилоят марказидагина эмас, туманларда ҳам йирик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмоқда. Президентимиз ташрифи давомида ушбу корхоналар фаолияти билан танишиб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Бундай корхоналарни кластерга айлантириш бўйича ўз таклифларини бергани келажакда йирик корхоналар фаолияти самардорлиги янада ошиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, ишчилар даромадлари сезиларли ўсишига хизмат қилишини англатади.

Бошланган ишлар, албатта, бажарилади, кўплаб енгилликлар олиб келади, одамлар шундай бўлишига ишонади. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар буни исботлаб турибди. Андижон халқи, барча даражадаги мутасаддилар давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, маслаҳатларидан келиб чиқиб, зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни шараф билан бажариши лозим. Эзгу ишларда депутатларнинг ўрни, хизмати қандай бўлади, деган саволга ҳар бир депутатнинг аниқ жавоби бўлиши зарур. Умумий гаплар ҳурматни тушириб, ҳафсалани пир қилади, шуни ҳар доим ёдда сақлашимиз талаб этилади.

 

Илҳомжон АТАБОЕВ,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси,

Наманган шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Ташрифдан ташрифгача ҳудудларда нималар ўзгарди, янгиланди, деган савол одамлар учун муҳим. Президентимиз 2021 йил 18-19 февраль ҳамда 27 сентябрь кунлари Наманганга ташрифлари чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бун­ёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, ва бу орқали аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар асосида ишлаб чиқилган дастур ва режалар ижроси натижасида Наманган саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида республикамизда ўз ўрнини топмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган 2022 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 41,1 триллион сўмни ташкил этиб, 6,6 фоизга ўсиши таъминланди. Жумладан, 18,2 триллион сўм саноат ва 27,7 триллион сўм қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 14,7 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Пудрат ишлари 6,8 триллион сўм ҳамда чакана савдо айланмаси 19,7 триллион сўмни ташкил этди.

Биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 20 минг 174 кишига 470 миллиард сўм кредит йўналтирилгани туфайли 22 минг 132 та иш ўрни яратилдики, бунда шаҳар ва туманларда ташкил этилган 72 та янги кичик саноат зонаси муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунга қадар саноат ҳудудларида умумий қиймати 4 триллион сўмлик 619 та лойиҳа амалга ошиб, 34 минг нафардан зиёд киши ишли бўлди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фаровонликни ошириш масаласи ҳам доимий назоратда. Инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишга қаратилган махсус дафтарларга 94,6 миллиард сўм йўналтирилгани бунга яққол мисолдир. “Темир дафтар”га киритилган 4 минг 812 оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 36,1 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Ишсиз 4 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Натижада 4 минг 374 оила “Темир дафтар” дан чиқарилди. Вилоятда “Аёллар дафтари”нинг учинчи босқичига бевосита партиямиз электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд 53 минг 571 нафар хотин-қиз киритилиб, уларнинг барчасига турли ёрдамлар кўрсатилди. “Ёшлар дафтари”даги 19 минг 679 йигит-қизга 23,8 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 18 минг 414 нафари рўйхатдан чиқарилди.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш энг долзарб масалалардан. Уйли бўлмаган оиланинг ҳаловати ҳам, баракаси ҳам бўлмайди. 2022 йилнинг ўзида 3219 хонадонли 76 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, зарурий инфратузилма билан таъминланди. Қайд этиш керакки, республикада илк маротаба “Наманган тажрибаси” сифатида Янги Наманган туманидаги Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласида иккита беш қаватли 120 хонадонга мўлжалланган муниципал уйлар ҳомийлик маблағлари асосида барпо этилиб, эҳтиёжманд, ёлғиз ва кўмакка муҳтож аёлларга берилди.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим кўрсатмаларидан бири вилоятда олий таълим қамровини ошириш, олий ўқув муассасаларини кўпайтириш борасида муайян натижага эришилди. Олийгоҳлар сони 3 тадан 10 тага етказилди. Олий таълимга қамров даражаси 27,4 фоизга етди.

Вилоятда 2023 йилда умумий қиймати 15 триллион сўмлик лойиҳалар асосида 31,3 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, умумий қиймати 1,1 миллиард долларга тенг бўлган 1048 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Президентимизнинг Наманганга бу галги ташрифи Давлатобод туманида яқиндагина иш бошлаган “Fazman tekstil” кастюм-шим ишлаб чиқарадиган корхонадан бошланди. Йилига 1 миллион дона кастюм-шим ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона жорий йилда 15 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган.

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат ва тадбиркорлик зонасидаги учрашув-мулоқот ғоят кўтаринки руҳда кечди. Бу ерда 46 та лойиҳа жойлаштирилган. 18 таси бўйича корхоналар иш бошлаб юборган ва бу ерда 2000 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. “Мастер класс дизайн” корхонасида йилига 150 минг дона чарм пойабзал тайёрланади. Йилига 1200 тўплам мебель ишлаб чиқариш қувватига эга “Сифат ёғоч саноат” ва 400 минг дона тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланадиган “Баланс текс” корхоналарида қўшни маҳаллаларда яшовчи аввал мутлақо ишсиз бўлган ёшлар ва аёллар даромад топмоқда.

Азми қатъий, шижоатли наманганликлар Давлатимиз раҳбарининг тавсия ва таклифларини дастуруламал қилиб, ташаббускорликни қўлга олган ҳолда улуғвор мақсадлар йўлида янада дадилланиб, куч-қувват олишди, деб ишонаман.

Ҳозир биз ижтимоий масалалар, белгиланган вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича режаларимизни тузиб оляпмиз. Ҳар бир туман, шаҳарда депутатларимиз қайси масалаларни назоратга олиши, қайси ойда нима ишлар қилиши аниқ бўлади. Чунки, ютуқлар билан бирга, камчиликлар, охирига етмай қолган ташаббуслар ҳам йўқ эмас. Томошабинлик, лоқайдлик депутатларга умуман ярашмайди.

 

Шоҳрух МАМАЖОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Президент ҳар бир ташрифида муҳим янгиликларни бошлаб беради. Фарғонада бу сафар ҳам шундай бўлди. Бу ҳақда бироз кейинроқ.

Одамнинг бирор жойи оғриса, энг яқин шифохонага шошади. Мақсад тезроқ дардига дармон топиш, оғриқни камайтириш ёки соғлигига хавф солаётган масаланинг олдини олиш, даволашдан иборат. Масофанинг яқинлиги билан бирга, кўрсатиладиган хизмат сифати ҳам муҳим саналади.

Кейинги йилларда тиббиёт тизимида сезиларли рақобат юзага келди. Сифат ўсди. Хусусан, Халқ демократик партиясининг электорати ҳисобланган ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати вилоятимизда йилдан-йилга яхшиланяпти. Фарғона вилоятида 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар бор, уларнинг ҳаммаси ҳам сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун марказларга боришга қодир эмас.

Тиббиётда хусусий секторга имконият берилганидан бери рақобат ва сифат ошди. Бугун Фарғона вилоятида бундай муассасалар 720 тага етди. Натижада ногиронлиги бўлган шахслар ҳам шундай замонавий тиббиёт хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Шундай хусусий клиникалардан бири Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт маркази бўлиб, 2021 йил декабрда фойдаланишга топширилган. Клиника замонавий ташхис ва даволаш хизматлари кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойдан замонавий ускуналар келтирилган. Шифохона 120 та стационар ўринга, йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватига эга.

Эътиборлиси, ўтган йили тиббиёт маркази ҳузурида университет ҳам очилди. Ҳозир 600 нафар талаба ўқимоқда, уларга чет эллик ўқитувчилар сабоқ бераётир. Талабалар тиббиёт марказида амалиёт ўтайди.

Шу тариқа бу муассаса замонавий клиникалар, ташхис марказлари, лабораториялар ва университетни ўзида бирлаштирган тиббиёт кластерига айланди. Давлат раҳбарининг марказга ташрифи унинг фаолиятини янада жонлантириш, янги лойиҳалар билан ташаббус кўрсатишга ундаши шубҳасиз. Зеро, хусусий секторнинг ривожланиши нафақат сифатни яхшилашга, янги иш ўринлари яратилишига, балки коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, соҳага замонавий технологиялар жалб этиш ҳамда мулкдорлар сафини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Бу қувонарли ҳолат. Лекин давлат тиббиёт муассасалари фаолияти бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш зарурати катта. Депутатларимиз ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб, соҳанинг ичига чуқурроқ киришимиз керак. Шунинг учун тиббиёт тизимидан яхши хабардор депутатлар, фаолларимиз билан мулоқот ташкил қилиб, режаларимизни белгилаб олишимиз зарур.

 

Мавлуда ЖЎРАБОЕВА,

Наманган вилояти Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона маркази директори:

– Алломалардан бири китобга таъриф берар экан, уни замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга ташиётган ҳикмат кемасига қиёслайди. Китоб ҳар қандай зулматни ёритиш кучига эга бўлган зиёдир аслида. Бундай хазиналар жамланган манзил эса кутубхонадир.

Президентимизга вилоятимизга ташрифи чоғида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонасини ҳам бориб кўрди. Ушбу кутубхона умумий қиймати 24,4 миллиард сўмлик лойиҳа, 2021 йил фойдаланишга топширилган. Ўшанда мазкур зиё маскани 30 мингдан зиёд китоб фондига эга эди. Бугунги кунда турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалар сони 70 минг донага етди. Мазкур замонавий кутубхонанинг яна бир афзаллиги жаҳондаги энг йирик ҳамда нуфузли электрон кутубхоналар тармоғига уланган.

Тўғриси, мана шулар ҳақида гапирар эканман, ўтмиш ёдимга тушади. Ҳар бир қишлоқда кутубхона бўларди. Кейинчалик эса улар йўқолиб кетди ва кутубхоналар қоғозда ишлади, ҳисобот учун фаолият юритди. Амалда эса эътибордан четда қолиб, китобхонлар учун етарли шароит ва имкониятлар яратилмади. Мавжуд фондлар янгиланмади, борлари ҳам бой берилди. Охир-оқибат кутубхоналарнинг ҳам аксари ёпилди. Шунчаки ёпилмади, илм масканлари ўрнига савдо дўконлари очилди ёки бошқа бинолар қурилди. Бу аччиқ ҳақиқатни катта ёшдагилар бугун яхши эсласа керак.

Охирги йилларда Давлатимиз раҳбари бошқа соҳалар қаторида китобхонликни ривожлантириш, илгари йўқотилган инфратузилмани тиклаш масаласига астойдил киришди ва муҳим ташаббусларни илгари сурди.

“Ёш китобхон” ёки “Ёш китобхон оила” танловлари ўтказилаётгани ва унинг ғолибларига “Президент совғаси” берилаётгани бутун мамлакат ёшларини қўлига китоб олишга ундади. Ҳар йили миллионлаб ёшлар китоб дунёсига ошно тутинмоқда. Бу жуда катта мотивация аслида.

Шу йўналишдаги ишлардан англаш мумкинки, Президентимизнинг энг катта орзуларидан бири – бир вақтлар бой берилган китобхонлик туйғусини яна халққа қайтариш эди. Бу эзгу мақсаднинг асосида улкан яхшиликлар кўзланган. Асосийси, китобга яқинлик бор мамлакатда инсон капитали, тўғри дунёқараш ривожланади. Ёшларда тўғри дунёқараш бўлиши жуда муҳим.

Президентимиз жуда муҳим топшириқ бердилар. Энди барча туманларда ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароити мукаммал шундай масканлар вужудга келади. Ҳозирги кунда вилоятда 1055 та ҳар соҳага карашли кутубхона мавжуд. Лекин ахборот-кутубхона марказларининг ўрни бошқача. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб келаётган ҳокимларимиз албатта, бу топшириқларни амалда бажаришларини кўрамиз. Аммо, ахборот-кутубхона марказлари ходимларининг ойлик маошлари камлиги сабабли кадрлар қўнимсизлиги бор. Шу билан бирга, марказий кутубхоналарга кўчма кутубхоналар учун библиобуслар керак. Бу борада ҳам масъулларимиз қараб турмаслигига ишонаман. Халққа хизмат олий ҳимматдир.

 

Мастура САЙФИДДИНОВА,

“Қува анори” агрофирмаси раҳбари, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда ўтириб нимани ўйладим, биласизми? 24 соат ишлайдиган давримиз келганини тушуниб етдим. Кластерга мендан нима ёрдам керак, деб сўраяптилар. Бу нимани кўрсатади? Ўша ерга қадалган уруғдан тайёр маҳсулот қилиб, жаҳон бозорига олиб чиқишни кўрсатади. Биз учун шунча имкониятни ким яратиб беряпти? Давлатимиз раҳбари, албатта.

Қишлоқ хўжалигидаги экин майдонларидан биргина бизнинг вилоятимизда 34 минг нафар ёшга ҳамда 11 минг нафар хотин-қизга 10 йиллик шартнома асосида 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Қарангки, уларнинг ҳар бири бир неча мартадан экин экиб, оила бюджетини яхшилади. Бу оқилона сиёсатнинг биргина кўриниши, холос.

Жуда кўп ота-оналар фарзандларини чет элдан чақириб оляпти. Ўғлим ёки қизим кел, ёшларга жуда катта эътибор бериляпти, бағримда бўлгин, деб уларни юртга қайтаряпти. Бу шукроналик, ҳаётимизнинг тубдан ўзгариши, деб биламан.

 

Дилбар МАМАДЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фарғона вилояти барча жабҳаларда фаол ва ташаббускор бўлишга интилади. Биргина хизмат соҳсининг ўзида ўтган йилда 3,3 триллион сўмлик 1 611 та лойиҳа ишга тушди. Ҳудудий корхоналар томонидан 786,4 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Бу галги Президентимизнинг Фарғонага ташрифи доирасида Қўштепа туманидаги “Global textile infinity” кластерининг тўқимачилик корхонаси ишга тушди. Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилди. Мазкур корхонада 3 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Таъкидлаш жоиз, яқин йилларда ҳам Қўштепа тумани қизил ҳудудга киритилиб, иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган эди, эндиликда эса туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 триллион сўмдан ошди. Қувасой шаҳридаги “Art soft ceramics” йирик ишлаб чиқариш корхонаси йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар одам меҳнат қилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда.

Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида, бир вақтлар ўзининг чинни маҳсулотлари билан дунёга донғи таралган Қувасой шаҳрининг янги истиқболини белгилайди.

Умуман олганда, вилоятнинг қайси туманига борманг, ўзига хос ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик йўналишлари, саноат ривожланиши ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, боғдорчилик ривожланганлигига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, Қува ўзининг анорлари билан дунёга донг таратган бўлса, Олтиариқ шириндан шакар узумлари билан машҳур. Кўҳна Марғилонда эса ипакчилик саноати ривожланган.

Водийнинг гавҳари Марғилон қадимий шаҳарлардан биридир. Марғилонда ҳунармандчилик IХ асрдан бошлаб кенг тарқалган. Марғилон тарихда ҳунармандлар шаҳри сифатида ҳам донг таратган. Хитойликлардан ипак етиштиришни ўзлаштириш ва уни дунёга ёйиш ҳам ана шу шаҳар тарихи билан боғлиқ. Бу ерда тайёрланган ипак матолар нафақат юртимизда, балки дунё бозорларида ҳам ниҳоятда эъзозланади.

Дарвоқе, тўқимачилик ва ипак тўқиш саноати — дастгоҳлар ҳам илк бор шу шаҳарда пайдо бўлган. Бу ерда ҳунарнинг бирор тури йўқки, марғилонликлар шуғулланишмаган бўлсин. Марғилонлик ҳунармандлар тайёрлаган гўзал, бежирим, дидингизга мос буюмларини, матоларини кўраман десангиз шаҳар кўчалари, бозорларидаги расталарни бир-бир айланинг. Ана шунда ниҳоятда чиройли, миллий анъаналар асосида тўқилган адрас, банорас, беқасам, атлас, шойи, духобаларнинг ўнлаб хиллари кўз олдингизда намоён бўлади. Халқимизнинг ижодкорлиги, яратувчилигига тан берасиз.

Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик маркази янги иншоотлардан бири. Бу маскан ўзбек ҳунармандчилигини жаҳонга тарғиб этиш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Мажмуанинг биринчи қаватида гиламдўзлик, каштачилик, мисгарлик каби халқ ҳунармандчилиги хоналари жойлашган.

Президентимиз мазкур туристик марказда бўлиб, у ердаги ҳунармандларимизнинг меҳнатига юксак баҳо берди. Бугун фарғоналиклар улкан мақсадлар, эзгу ниятлар билан меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ташриф доирасида белгилаб берилган вазифалар янги имкониятлар эшигининг очилишига, инвестицияларнинг кириб келишига ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳолининг турмуши даражаси ошишига замин яратади.

 

Қўшсаҳифани Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 8.02.2022, №5

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш