Кеча, 7 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳафта бошида Туркияда юз берган сейсмик фожеа турк халқи билан қардош ва бир илдизга бориб тақаладиган ўзбек халқини ҳам чуқур изтиробга солди.
Ҳамдардлик руҳи парламентга ҳам кўчгандек гўё. Ҳар галги мажлисларда кун тартибидаги масалани чуқур муҳокама қилиб, кенг мунозараларга борадиган депутатларимиз бу гал босиқроқ кайфиятда, муҳокамалардан тийилиброқ тургандек бўлди. Бунга балки кун тартибида йирик, концептуал масалаларнинг камлиги ҳам сабаб бўлгандир. Балки, айни вақтда ўзимда турк халқига ҳамдардлик кайфияти устун бўлгани учун бошқалардан ҳам шу кайфиятни излагандирман.
Хуллас, мажлисда дастлаб “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳага кўра, банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш ҳамда норезидентларга банк акцияларини сотиб олишга бўлган тақиқни сақлаган ҳолда, уларнинг акциядорлари ва бенефициарлари учун мазкур тақиқни бекор қилиш белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ва ресурс базасини кўпайтиришга, банк фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳамда банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали банк секторига стратегик хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.
Суд одил қарор чиқариши учун прокурор нимага керак?
Мажлисида муҳокама қилинган кейинги масала “Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида муҳокама этилганда қизғин баҳс-мунозаралар келиб чиққан эди.
Олий суд томонидан ташаббус қилинган мазкур лойиҳа юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда давлат манфаатлари ифодасига зарурат кучайгани қайд этилган. Шунинг учун мазкур тоифадаги ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишлар муҳокама этилаётганда прокурорнинг мажбурий равишда иштирок этишини белгилаш назарда тутилган.
Олий суд таклиф этаётган ушбу меъёр бир қанча саволлар, баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим депутатлар прокурор қатнашмаса, суд одил ҳукм чиқара олмайдими, деган саволни қўйди, судлар мустақиллигига эришиш жуда муҳим масала бўлиб турганда, бундай “янгилик”ка нима зарурат борлигини изоҳлаб, асослаб беришни сўрашди.
Бошқа баъзи депутатлар ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низолар кўрилаётганда судда прокурорлар қатнашиши шартлиги белгиланиши давлат идораларининг нотўғри фаолиятидан жабрдийдага айланган фуқароларнинг зиёнига ишлашини алоҳида таъкидлаб, эътироз билдиришди.
ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилишди. Узоқ баҳс-мунозаралардан кейин парламент қуйи палатасининг қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмитаси вакили иккинчи ўқишгача саволлар ва эътирозлар устида кенг ва чуқур ишлашини айтиб, фракциядан биринчи ўқишда қўллаб беришни сўради. Депутатлар кўпчилик овоз билан қонун лойиҳасини мазмунан маъқуллади.
Ялпи мажлисда қонун лойиҳаси ҳақида Олий суд раиси ўринбосари қўшимча тушунтириш берди. Лекин барибир саволлар бўлди.
Қонунчилик палатаси Спикери лойиҳа ижодкорларига қатор саволлар билан мурожаат қилди. Давлат манфаатлари билан боғлиқ суд ишларида прокурор иштирокини мажбурий қилиб белгилашни таклиф қиляпсизлар, лекин кўрилаётган ишда давлат манфаати бор-йўқлиги қандай аниқланади?..
Саволга аниқ, асосли, ҳуқуқий мантиқ нуқтаи назаридан рад этиб бўлмайдиган жавоб берилмади.
Лойиҳани кейинги ўқишларга тайёрлаётганда давлат манфаати бор ёки йўқлигини аниқлашниниг аниқ механизми ишлаб чиқилиши кераклиги таъкидланди.
Нимагадир аксарият депутатлар қонун лойиҳасининг ичига чуқурроқ кирмагандек туюлди. Ёки Олий суд раиси ўринбосари собиқ депутат бўлгани учун у тушунтирган қонун лойиҳасининг эзгулигига тўлиқ ишонишди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Иккинчи ўқишда қонун лойиҳаси осон ўтмаса керак.
Бу ерда яна бир масала бор, айрим ҳуқуқшуносларнинг кузатишича, Олий суд ҳар хил ташаббуслар орқали ўзидаги юкламани камайтиришга уринаётган бўлиши ҳам мумкин. Бундай мантиқсиз гапларга қўшилиш қийин, Олий суднинг виждонига шубҳа қилиш яхши эмас.
Кўпроқ иш, камроқ солиқ
Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди.
Президентимизнинг 2022 йил 30 августдаги тегишли қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Унга кўра, Солиқ кодексининг 408-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилиши белгиланмоқда.
Яъни, ўзгартишдан олдин тадбиркор битта ёлланма ишчи учун йилига 1млн. 800 минг сўм давлатга солиқ тўлаган бўлса, янги лойиҳага кўра йилига бир марта 300 минг сўм тўлаши белгиланмоқда.
Лекин савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун амалдаги тартиб сақлаб қолинади.
Шу билан бирга, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси иккинчи қисмига киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар, ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланяпти.
Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда.
Халқ вакилларининг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатида бўлган жисмоний шахслар ҳамда шахсий томорқа ер участкасида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қўшимча қулайликлар яратади.
Эътиборлиси, қонун лойиҳаси норасмий бандлик улушини қисқартиришга, расмий сектордаги бандлар улуши ошишига ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришга замин яратади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб таклифлар илгари сурилди.
Қизғин кечган баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасининг бугунги кундаги аҳамияти ва зарурати эътиборга олиниб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси сўнггида Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Қайд этилишича, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган 30 дан ортиқ қонун лойиҳалари юзасидан берилган 50 дан ортиқ таклифлар тегишли қонун лойиҳаларини маромига етказиш жараёнида фойдаланилган. Мажлисда комиссиянинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Шу тариқа парламент қуйи палатасининг яна бир мажлиси ўз ниҳоясига етди. Мажлисларда депутатлар кўп ишлатадиган “жуда муҳим”, деган жумла бор. Дарҳақиқат, конунчиликка киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимча жуда муҳим. Аниқ ва тизимли ишлайдиган қонунлар давлатчилигимиз ривожи учун биринчи, аслида энг кучли асосдир.
Аҳмад Қурбонов
«Ўзбекистон овози», 8.02.2022, №5