Жиззах аҳли муаммоларини ечиш йўллари таклиф этилди

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишар экан, халқимиз фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш бундан кейин ҳам устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлади. Ишонаманки, юксак натижаларга эришилади. Зеро, давлатимиз раҳбари ҳар йили мамлакатимиз вилоятларини айланиб чиқади ва мутасаддилар олдига тегишли вазифаларни қўяди, кейинги йили берилган топшириқлар ижросини сўрайди. Халқ билан ишлаш, унинг ичида бўлиш лозимлигини тинимсиз таъкидлайди ва ўзи ҳам шунга амал қилади. Халқ билан мулоқот қилиш, унинг кўзига боқиш билан унинг муаммосини сезиш, аниқлаш, илдизини топиш ва ечиш мумкин.

Президентимиз Жиззах аҳли билан учрашди, уларнинг муаммолари билан қизиқди, уларни ечиш йўлларини таклиф этди. Тадбиркорларнинг илғор ютуқлари билан танишди. Маълумки, юртимизда ишсиз фуқароларга деҳқончилик учун ерлар ажратилмоқда. Жиззах вилоятида бу орқали 13 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш мўлжалланган. Ваҳоланки, бир пайтлар 1 гектар ерни халққа бериш мумкин эмасди. Ҳозир Президентимиз ташаббуси билан 200 минг гектар ажратилди. Мақсад – одамларнинг даромад топиши.

Кейинги пайтларда бутун дунё тажрибаси эркин иқтисодий зоналар барпо этиш манфаатли эканлигини исботламоқда. Президентимиз “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Олдинлари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнес учун қулайликлар янада кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда “Iruskon” қандолат корхонаси ҳам қўшилди. Давлатимиз раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирди. Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида “Deya” бренди билан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 550 нафар янги иш ўрни яратилади. Иқтисодий зонада бунга ўхшаш фойда келтираётган корхоналар талайгина. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари қаерга бормасин ёшларга, илм-фан, таълим соҳасига эътибор қаратади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида бўлди. Бу университет Россиядаги энг қадимий ва кенг қамровли олий таълим муассасаларидан бири. Унинг Жиззах филиали ўтган йили иш бошлади ва бугунги кунда 325 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, муассаса 1 минг 88 ўринли ва 11 йўналишда мутахассис тайёрлайди. Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбари муассаса учун қўшимча бино ажратиб, қулайликларни кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.

Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу – қурилиш ва энергия тежамкор материаллар ишлаб чиқариш. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди. Вилоятда биргина базальт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этади. Лекин, булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса, базальтдан талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди. Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базальт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Ташриф чоғида энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жиззах вилоятида камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади. Демакки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергияга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади.

Хуллас, Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятларда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Мазкур топшириқлар асосида ишлаб чиқиладиган дастур ва режалар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида вилоятнинг саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида ўз ўрнини мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш