Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми ўтказилди. Тадбирда минтақа мамлакатлари Парламент палаталари делегациялари иштирок этди. Икки кун давом этган форумда парламентлараро алоқаларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари, ягона маънавий-маданий маконни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Бундай учрашувлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Парламент вакиллари ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама фаол ривожлантириш, Марказий Осиё давлатларининг стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва бу жараёнда парламентларнинг ўрни масаласини муҳокама қилдилар. Шу билан бирга, форум иштирокчилари умумий тарихий-маънавий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратди.
Форум натижаларига кўра, Туркистон декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг ўзига хослиги билан ажралиб турадиган ягона маданий-тарихий маконини шакллантиришга қаратилган парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари кўрсатилди. Мазкур тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 августда Аваз (Туркманистон) шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббуси асосида ўтказилганини қайд этиш зарур.
Муҳим форумнинг буюк шоир ва мутафаккир, туркий халқларнинг фахри бўлмиш Ҳожа Аҳмад Яссавий яшаган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳрида бўлиб ўтганида ўзига хос рамзий маъно бор. Мир Алишер Навоий Ҳожа Аҳмад Яссавийга “Туркистон мулкининг шайхул машойихи”, деб юксак баҳо берган.
Аҳмад Яссавий ўз даврида бутун мусулмон оламида “Ислом динининг қуввати”, деб шуҳрат қозонган Бухорои шарифда Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний каби машҳур уламолардан таҳсил олгани ота-боболаримизнинг доимо сафдош ва ҳамфикр бўлиб келганини кўрсатади.
Ўзининг диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан обрў-эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини барчамиз яхши биламиз.
Шунингдек, Соҳибқирон бобомиз ушбу мажмуанинг моддий таъминоти учун вақф ташкил қилгани ва бу жамғарма асрлар давомида фаолият кўрсатгани эл-юртларимизнинг тарихий бирлигидан далолат беради.
Маълумки, Марказий Осиё геостратегик ва геоиқтисодий аҳамиятга эга минтақа ҳисобланади. Минтақамизда 75 миллион аҳоли яшайди. Халқларимиз тарихи ва маданияти, минтақа мамлакатларининг иқтисодиёти ва инфратузилмаси чамбарчас боғлиқдир. Ана шу яқинликни мустаҳкамлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиеёв томонидан нуфузли халқаро ташкилотларда қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди, улар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.
Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияларининг қабул қилиниши ҳам бунинг яққол далилидир.
Билдирилган ушбу истиқболли таклиф ва ташаббуслар маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш умумий тарихий меросни сақлашга хизмат қилади. Маданий-гуманитар ҳамкорлик Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама кооперацияни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиши кўзда тутилган.
Буюк ипак йўли давридан бошлаб Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хослиги тарихий-маданий маконнинг бирлиги бўлиб келган, у интеграция учун кенг имкониятлар ва маданий-цивилизациявий шарт-шароитларни тақдим этади, бу эса, ўз навбатида минтақавий кўп томонлама ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тарихий-маданий мерос ва маданий-гуманитар ҳамкорликни сақлаш ҳақида гапирганда сўнгги йилларда Ўзбекистонда “Туркман маданияти кунлари” (2016 йил), “Тожик маданияти кунлари” (2017 йил), “Қирғизистон маданияти кунлари” (2018), шунингдек, Туркманистонда ва Қирғизистонда (2017), Тожикистонда (2017, 2019 йилларда) “Ўзбек маданияти кунлари”нинг кенг нишонланганини қайд этмоқчиман. Бундан ташқари, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили”, 2019 йил Ўзбекистонда “Қозоғистон йили”, деб эълон қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий-маърифий фаолиятга қаратилган турли даражадаги кўплаб тадбирлар ўтказилди. Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик 1994 йил 10 январда қабул қилинган Маданият, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув асосида амалга оширилади.
2021 йил сентябрь ойида Хива шаҳрида “Хива жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форуми бўлиб ўтди. 2021 йил 6-8 декабрь кунлари Остона шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” ташкил этилди, 2022 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон шаҳарларида “Ўзбек маданияти кунлари” бўлиб ўтди. Мазкур тадбир икки халқнинг узоқ тарих давомида шаклланган маданий-маънавий яқинлигини, яхши қўшничилик ва дўстлик ришталари мустаҳкамлигини яна бир бор намоён этди.
2022 йилнинг 19 декабрида Тошкентдаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида атоқли қозоқ ёзувчиси, файласуфи, шоири ва бастакори Aбай Қўнонбоев меросига бағишланган кўргазма очилди.
2018 йил Остона шаҳри, 2019 йил Тошкент, 2021 йил Аваза, 2022 йил Чўлпон-Ота шаҳарларида ташкил этилган маслаҳат учрашувларида Марказий Осий раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика масалалари билан бир қаторда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Ўзбекистонда 800 мингдан ортиқ қозоқ, 300 минг қирғиз, 1,5 млн. нафар тожик, 200 минг нафар туркман миллати вакиллари истиқомат қилади.
Ўзбекистонда Марказий Осиё маданий марказлари ва миллатлари жамиятлари томонидан минтақамизнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга бағишланган турли форум ва фестивалларни ўтказиш яхши анаъанага айланган.
Минтақа мамлакатларининг илмий ва ўқув марказлари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ёшларга турли йўналишлар бўйича тажриба алмашиш имконини бермоқда. Эътиборлиси, Ўзбекистонда 361 та қозоқ, 50 та қирғиз, 253 та тожик ва 45 та туркман тилида ўқитиладиган мактаблар фаолият юритади.
Мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва дўстона муносабатлар давлатлараро алоқаларнинг стратегик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганидан далолат беради. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги умумий шартномавий-ҳуқуқий базаси икки томонлама ва кўп томонлама бўлган 950 дан ортиқ ҳужжатни ташкил этади. Марказий Осиё мамлакатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги йил сайин ошмоқда. Товар ва хизматлар тури кенгаймоқда, бу эса ўз навбатида давлатларимиз ўртасида товар айирбошлаш суръатини оширишга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига юксак эътибор қаратаётгани зиммамизга катта масъулият юклайди.
Барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, минтақа ёшларининг сифатли таълим олиши, соғлиқни сақлаш бўйича мавжуд салоҳиятини ривожлантириш, туризмни ривожлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш борасида кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш парламент вакилларининг зиммасидаги асосий вазифалардандир.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.