Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

 

Юртимиз олимлар, дунёни эгаллаган буюк саркардалар, давлат арбоблари етишиб чиққан жаннатмакон гўшадир. Бугун 12 ёшида тахтга ўтирган буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобоси Амир Темур тузган йирик давлат учун Темурий шаҳзодалар орасида жанг кучайган вақтда, 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келган.

Бобур Мирзо ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлгач, ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида 1519-1525 йиллар давомида Ҳиндистонни қўлга киритиш учун жанглар олиб боради. 1526 йил апрел ойида Панипатда султон Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келди. Тарихий маълумотларнинг баён қилишича, Бобурнинг Ҳиндистонга юришида Деҳли ҳукмдори Иброҳим Султон сиёсатидан норози бўлган Панжоб ҳокимлари ҳам Бобурни қўллаганлар ва Сикри жангидаги бу ғалаба Бобурга Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини узил-кесил ўрнатиш ва Бобурийлар сулоласини барпо этиш имкониятини берди. Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди.

Қисқа бир вақт ичида Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, Ҳиндистон ерларини бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқ масалаларини тўғри йўлга қўйиш боғ-роғлар яратиш ишларига ҳомийлик қилди. Ҳиндистонни ободонлаштириш, унда ҳозиргача машҳур бўлган меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар, карвонсаройлар қурдириш, айниқса, унинг ўғиллари ва авлодлари даврида кенг ёйилди. Ҳиндистон санъати ва меъморчилигига Марказий Осиё услубининг кириб келиши сезила бошлади. Бобур ва унинг ҳукмдор авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий-руҳий муҳит вужудга келди. Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жавоҳарлаъл Неру шундай ёзган эди: «Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди».

Бобур Ҳиндистонда катта ҳажмдаги давлат ишлари билан билан банд бўлиш билан бир қаторда ижодий фаолиятини ҳам давом эттирди. Унинг «Бобурнома»си жаҳон оммасига машҳур бўлган шоҳ асарларидан биридир. Бу асар тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келмокда. Барча тарих, адабиёт ва санъатга қизиқувчи инсонларга албатта бу асарни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлар эдик.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида қадр топди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди. Андижонлик табиатшунос олим Зокиржон Машрабов раҳбарлик қиладиган Халқаро Бобур жамғармаси катта ишларни амалга оширди. Жамғарманинг илмий экспедицияси 10 дан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб автомобилда илмий сафарлар уюштириб, 200 минг км дан ортиқ масофани босиб ўтди. Бобур ва бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меъросига оид янги маълумотлар тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида 10 дан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар яратилган.

Биз ҳам аждодларимиз сингари эзгулик ва адолат, ҳақиқат ва гўзаллик тамойиллари асосида яшашимиз, Ватанни севишимиз, илм-маърифат ва жамият ривожи учун толмай хизмат қилишимиз даркор.

 

Баҳодир Камалов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш