Маълумки, ойнинг сўнгги ҳафтасида депутатларнинг ўз сайлов округларида сайловчилари билан учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур учрашувларда халқ билан мулоқот қилиш ва шу орқали бугунги кунда уларни қийнаб турган муаммолар ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олинади.
Навбатдаги учрашувлар Фарғона тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар қабули билан давом этди. Қабулга келган 64 нафар фуқародан 62 та масалада мурожаатлар тушди. Хусусан, фуқароларнинг аксарияти ишга жойлашиш, моддий ёрдам, коммунал соҳасидаги муаммоларни бартараф этилиши ва оилавий муаммолар ҳал қилиниши бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Мурожаатларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди, ҳар бир мурожаатни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Қабул давомида “Водил” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Нематова 1-сонли тиббиёт коллежи ҳамширалик ишини тамомлаган, мутахассислиги бўйича ишга жойлаш масаласида мурожаатига асосан “Эко керама” заводидан иш таклиф этилди ва фуқаро розилигини билдирди. Шунингдек, “Ўзбекистон” МФЙда яшовчи фуқаро З.Ҳошимова қизи Арофатхонни турмушга узатиши ва ўғлининг суннат тўйи учун моддий ёрдам, яъни велосипед ва қўй олиб беришда ёрдам сўради ва унинг мурожаати ўрнида ҳал этилди.
Сайлов округида давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам вакиллар иштирокида ўрганиб чиқилди.
Якунига етказилмаган қурилиш объектларидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг сабаблари ўрганилди. Хусусан, туманнинг “Юқори арча” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган 14-ўрта умумтаълим мактаб филиали, “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 41-ўрта умумтаълим мактаби, “Чимён” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 11-сонли МТТда олиб борилаётган қурилиш ишларининг ҳолати ўрганилди ҳамда муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш белгиланди.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.