Соғлом фарзанд дунёга келтириш ҳар биримизга таалуқли

 

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши медия марказида “Оналик ва болалик муҳофазаси доимий эътиборда” мавзусида жонли мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП МК масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти вакиллари, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, ХДП фракцияси аъзоси Ворисова Мақсуда Азизовна кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, фарзандлар тарбияси ва оилани режалаштириш билан боғлиқ ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова маъруза қилиб, оилада соғлом туғруқни режалаштиришнинг она ва бола саломатлигига таъсири ҳақида янада кенгроқ тушунчалар берди. -Кейинги йилларда «Оилани режалаштириш», исталмаган ҳомиланинг олдини олишга қаратилган ишлар бироз сусайган, туғуруқлар орасидаги интерваллар қисқариб бормоқда. Туғуруқлар сони, катта ёшдаги аёллар орасида туғуруқлар кўпайган. Фарзандлар кўплиги яхши албатта, лекин уларнинг келгусидаги таъминоти, таълим олиши, жамият учун керакли инсон бўлиб вояга этиши масалалари ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган вазифалардан биридир, - деди Қ. Қосимова. Фракция аъзоси шунингдек, чала туғилаётган ёки ногиронлиги бор болалар дунёга келиши ҳам ортгани хавотирли эканини таъкидлади.

Йиғилишда сўз олганлар «Оилани режалаштириш» оила аъзолари, онанинг саломатлиги ҳамда руҳияти, фарзандлар келажаги, қолаверса жамият учун нақадар муҳимлигини аниқ мисоллар асосида тушунтириб бердилар. Мулоқотда эркаклар ҳам фаол иштирок этиб, соғлом фарзандларни дунёга келтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш