Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ҳар галги ташрифини сурхондарёликлар орзиқиб кутади. Сабаби, ташриф асносида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришларга асос бўлади.
Айтиш керак, кейинги йилларда вилоятда кўплаб соҳаларда ўсишга эришилди. Замонавий корхоналар ишга тушмоқда, шаҳару қишлоқлар обод бўлиб, тасаввур қилмаган баланд иморатлар қад ростлаб, турмуш даражаси юксалмоқда.
Президентимиз аҳоли учун энг кўп қайғурадиган, асосий эътибор берадиган масалалардан бири уй-жойга бўлган эҳтиёжни таъминлаш. Албатта, инсонни ўзини бахтиёр ҳис этишида “кичик ватан”ига эга бўлиши муҳим. Шу асосда биргина ўтган йили вилоят миқёсида 3 минг 390 хонадонли 92 та уй-жой бунёд этилди. Қанчадан қанча оилалар орзиқиб кутган бахтиёрликка эришди.
Жамиятда инсон юксалиши, ўзи, оиласи ва ватанининг фаровонлигига хизмат қилишида фойдали иш билан банд бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу масала ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятда 2016 йил 25 минг 674 корхона фаолият юритган бўлса, ўтган йил якунига келиб уларнинг сони қарийиб икки бараварга, 46 мингдан ошди. Эътиборли жиҳати, юқори суръатдаги ўсиш қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш каби тармоқларда ҳам кузатилди.
Президентимизнинг бу галги ташрифида вилоят фаоллари билан учрашувда воҳада аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш масаласига тўхталди. Давлат раҳбари вилоятда 102 минг расмий ишсиз борлигини айтди. Аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида бир қатор лойиҳалар, уларнинг манбаларини белгилаб берди.
Айримларига тўхталсам. Вилоятда 1 июлгача оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 1,1 триллион сўмга қўшимча 200 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Шунингдек, 2023 йилда маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш орқали 31 минг, касаначиликда салоҳияти бор 212 та маҳаллада янги тизим орқали меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 31 минг, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 4 минг, янги касбларга ўқитиш, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 20 минг кишини бандлигини таъминлаш зарурлиги белгиланди.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, 6 та янги корхонани ишга туширгани вилоят аҳолисини беҳад хурсанд қилди. Зеро, мазкур корхоналар 2 мингта янги иш ўрни яратади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади. Бу кўплаб оилалар даромадли бўлади, ҳудудлар обод, кўнгиллар шод, ижтимоий-иқтисодий кайфият кўтарилади, деганидир.
Президентимизнинг бу галги ташрифи ҳам Сурхон эли ҳаётида ўчмас из қолдириши шубҳасиз.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.