Давлатимиз раҳбарининг воҳага ташрифи янги марраларни бошлаб беради

 

Давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги аҳоли ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. Президентимиз сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, воҳанинг турли соҳа ва тармоқларида улкан натижаларга эришилаётганини эътироф этиб, вилоят аҳлини гўзал баҳор кунларида, улуғ айём арафасида кўриб турганлигидан хурсанд эканлигини таъкидлади ва байрам билан табрикладилар.

Бир нарсани эътироф этишимиз зарур, бундан бир неча йил илгари вилоятимиз бошқа вилоятларга нисбатан ривожланиши анча орқада эди. – Бошқа вилоятларда кўплаб ўзгаришлар бўляпти, бизда ҳам ўзгаришлар бўлармикин, – деб орзу қилардик. Минг шукрки, вилоятга олдин борган инсон ҳозир борса, жуда катта ўзгаришлар бўлганлигини ўз кўзи билан кўради.

Юрт отасининг айниқса, ҳарбийлар хонадонига кириб, улар билан самимий суҳбати ҳар бир инсонни тўлқинлантириб, руҳлантириб юборди десам асло муболаға эмас.

Яна бир муҳим масала ҳақида тўхталмоқчи эдим, менинг сайловчиларимни кўпдан буён қилиб келаётган мурожаати ҳам ўз ечимини топди. Узун туманидаги Қишлоқ хўжалиги техникумининг бўш биноларида жорий йилнинг 1 июлигача мономарказ ташкил этиш масъулларга юклатилди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда тадбиркорлик суст 43 та маҳаллада микро-марказлар ташкил қилиш, у ердаги лойиҳаларга 80 миллиард сўм имтиёзли кредит йўналтирилиши ҳамда 1 июлга қадар 118 та оғир маҳаллада касаначилик лойиҳалари бошланиши пировардида 10 минг аҳоли иш билан бандлиги таъминланиши топшириқ сифатида белгилаб берилди. Яна бир аҳамиятли томони, 18 мингдан ортиқ ёрдамга муҳтож аёллар касбга ўргатилиб, меҳнат қуроллари учун 15 миллиард сўм маблағ субсидия ажратилиши орқали 3 минг нафар хотин-қизлар банд қилиниши, тадбиркор бўлиш истагини билдирган 10 минг нафар аёлга эса 200 миллиард сўм кредит ажратилиши, 5 минг нафари уй шароитида касаначиликка жалб қилиниши, ўйлайманки, вилоятда муаммо бўлиб турган ишсизликка барҳам беришда айни муддао бўлади.

Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбарининг вилоятга бу галги ташрифи ҳам вилоят аҳли учун қувончли бўлди.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш