Юртда тинчликни, барқарорликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун кўп синовларни бошдан ўтказишга тўғри келади. Яқин тарихимизнинг ўтган даври мобайнида осойишта ҳаётимизни издан чиқаришга уринишлар, террорчилик хуружлари бўлди. Мард ва жасур ҳарбийларимиз қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиб, ғаразли кучларга қақшатқич зарба берган. Минг афсуски, бу курашда юзлаб жасоратли ҳарбийларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳалок бўлган. Аммо халқимиз эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларни асло унутмайди.
Қаҳрамон ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз, жамиятимизнинг эътиборида бўлиб келмоқда. Марҳум ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган. Уларга бағишлаб “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” деб номланган хотира китоби нашр этилган.
Президент қарори билан 2018 йилдан бошлаб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандларини олий таълим муассасаларига имтиёзли тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунга қадар 278 нафар ўғил-қиз шу асосда олийгоҳларга кирган. Ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ҳамиша давом эттирилади. Шу мақсадда 13 март куни “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳозирги кунда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 270 нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаяпти. Энди фармонга кўра, ҳар бир оила аъзоси учун пенсия миқдори 25 фоизга оширилади. Натижада ҳар бир оила аъзоси ўртача 2 миллион сўмдан пенсия олади. Иккинчидан, вафот этган хизматчиларнинг оила аъзоларидан ҳозирда 82 нафарининг уй-жойи йўқ, уларнинг 21 нафари ижарада ва 61 нафари қариндошиникида яшайди. Бундан буён, муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилади ва имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилади. Оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача пул берилади. Бундан ташқари, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.
Учинчидан, оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпаяди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади. Натижада марҳум хизматчининг оиласи рўзғорида ҳар ой ўртача 700 минг сўм қўшимча пул қолади. Тўртинчидан, бундан буён ушбу тоифадаги хизматчининг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда бепул даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онаси учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортида юриш бепул бўлади. Бешинчидан, ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.
Таъкидлаш жоизки, Ватанга қасамёд қилган хизматчи нохуш ҳолатлардан кафолатланмаган. Бундан буён, агар хизматчи ўз бурчини бажаришда ҳалок бўлган тақдирда, унинг оиласига иш ҳақини 150 баравари миқдорида бир йўла нафақа берилади. Яъни, бу нафақа ўртача 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмга оширилади. Ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта тўлови 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмга кўпаяди. Бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлади, бунинг учун давлатимиз раҳбари “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош Қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида янги таҳдид ва қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Бундай таҳликали вазият халқимизни ҳам безовта қилиши табиийдир. Шу боис давлатимиз мустақиллигини, халқимиз тинчлигини ҳимоялашга катта аҳамият қаратилмоқда. Бу жараёнларда ҳарбий хизматчилар ҳарбий-жанговар ва юксак маънавий салоҳиятини ошириш билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш муҳим ўрин тутади. Демакки, Президентимизнинг “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.