Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўтайди. Чунки унда аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича пухта ва кенг миқёсли ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланган. Бу ҳуқуқий асослар Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беришига шубҳа йўқ.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида нафақат халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, балки халқаро ва хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олингани учун ҳам Қомусимизнинг мукаммаллашишига хизмат қилган. Жумладан, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани жамиятимизда кечаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ. Бунда давлатнинг устувор сиёсати ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлашга, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатишга қаратилади. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормаларда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олиши белгиланган. Бундай халқчил Конституциявий асослар эса келгусида ушбу йўналишдаги ишлар кўлами кенгайишига йўл очиши шубҳасиз.
Бундан ташқари, давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ҳамда хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашиши, таълим олишига кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари ҳаёти сифатини ошириш бўйича мажбуриятни олаётгани ҳам ижтимоий давлатга хосдир.
Бозор механизмлари янада ривожлантирилиб, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари Конституция асосида мустаҳкамланаётгани юқорида айтилган хайрли ишларнинг мантиқий давоми ва уларнинг ривожига бўлган катта рағбат ҳамда қонуний ҳимоядир. Айтиб ўтилганидек, аҳолини ишсизликдан ҳимоялашнинг муҳим шарти – тадбиркорликни ривожлантириш, янгидан-янги бизнес субектлари, шохобчаларни очишдир. Бундай тузилмаларни очиш аслида қийин эмас, лекин уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун ҳимоя жуда зарур. Шу маънода Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестисиявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтириш соҳаларига эътибор қаратилиб, давлат томонидан бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмлари белгилангани муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1, 6 бараварга ва даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш вазифаси қўйилган. Таклиф этилаётган нормалар ушбу марраларга эришиш ва иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади.
Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан ҳимояланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда. Бу эса, иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган. Алоҳида бир боб — XIV боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани юртимизда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қанчалик эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Зулфия Туйева,
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,
"Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси.