БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ДОИМИЙ ИНТИЛИШ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят ташкилотининг VI конференцияси бўлиб ўтди.

Унда даставвал жорий йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтиши муносабати билан партия ташкилотлари зиммасидаги ташкилий ва сиёсий вазифалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама этилди. Партия фаоллари, депутатлар томонидан муҳим таклифлар билдирилди. Бу ҳақда партия марказий кенгаши ахборот хизмати хабар қилди.

Таъкидландики, партия янги дастури ва Сайловолди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар турмуш фаровонлигини ошириш, уй-жойга эга бўлиш, тиббий ва коммунал хизматлар мақбуллигига эришиш, бандликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиш, одамларнинг яхши яшашга интилишини қўллаб-қувватлаш каби ғояларни илгари сурмоқда.

Лойиҳаларда партия сиёсий позициясининг асоси сифатида ижтимоий ривожланишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Партия белгиланган мақсадга интилишда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами манфаатлари ҳисобга олиниши зарур, деб ҳисоблайди. Бу борада партия ўз Сайловолди дастури лойиҳасида бир қатор вазифаларни белгилаб олмоқда.

Қайд этилдики, уй-жой ва коммунал хизматларни сотиб олишнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш мақсадида партия 2024 йилга қадар бир қатор тадбирларни амалга оширишни таклиф этади. Хусусан, уй-жой фондини электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан тўла қамраб олиш, коммунал хизматларнинг барча ўлчаш асбобларини уларнинг балансига ўтказиш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириб бориш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда. Партия аъзолари ва депутатлар бу йўналишдаги таклифларни қўллаб-қувватлашди.

Конференцияда асосий кун тартибига мувофиқ, вилоят партия ташкилотининг ўтган беш йиллик фаолияти, депутатлик бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Олдинда турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Ўтган беш йилда партия ташкилоти партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларида бир қатор амалий ишларни амалга оширган.

Бугун вилоятда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 40 минг 510 нафар аъзоси бор. Бошланғич партия ташкилотларимиз сони 792 тани ташкил этяпти.

Вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари томонидан “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз!” лойиҳаси ҳамда “Ижтимоий кўмак – ташаббускорликка йўл очмоғи керак” форумлари доирасида 610 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олинган. Мурожаатлар асосида 347 та муаммо ўрганилган ва тегишли ёрдамлар кўрсатилган.

“Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги гарови” ва “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли” лойиҳалари доирасида вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари 575 нафар хотин-қиз ишга жойлашишига, 306 нафари касаначиликка жалб қилинишига, 263 нафари кредит олишига, 180 нафари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашилган.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан партия Амалий ҳаракат дастури асосида 184 та масала партия гуруҳларида, 169 та масала доимий комиссиялар йиғилишларида, 60 та масала сессияларда муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Партия гуруҳлари ташаббуси билан шунга қўшимча равишда 24 та масала ўрганилиб, 15 таси сессиялар муҳокамасига олиб чиқилган.

Шунингдек, конференцияда партия ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Конференцияда Қашқадарё вилоят партия ташкилотининг 5 йиллик фаолиятига оид ҳисобот қабул қилинди. Олим Равшанов Қашқадарё вилоят партия кенгаши раислигига сайланди.

Шунингдек, қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, партиянинг навбатдаги қурултойига ҳудуддан делегатлар сайланди.

Конференцияда партия марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

ЎзА

← Рўйхатга қайтиш