Очиқ осмон остида. Навоийлик ёшлар янгиланаётган Конституцияни қўллаб-қувватламоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Навоий вилоят педагогика институти очиқ майдонида янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

“Менинг Конституциям” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.

Навоий вилояти Республикамиздаги энг катта вилоят ҳисобланади. Энергетика, кончилик, металлургия сингари етакчи тармоқларга эга вилоятда кўплаб йирик корхоналар ҳам жойлашган. 300 га яқин илмга чанқоқ ёшлар ва иштиёқли хотин-қизлар, олимлар, профессор ўқитувчилар, турли соҳалар мутахассисларини бир ерга жамлаган тадбир кўтаринки кайфиятда ўтди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституциямиз жамиятимизда янгича, илғор сиёсий маърифатнинг юзага келишига ҳам хизмат қилишини таъкидлади.

Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўтайди. Чунки унда аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, ҳаётнинг барча соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланмоқда.

Халқаро ва хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олиниб, эксперт ва мутахассислар, энг асосийси халқимизнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Қомусимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани инсон қадрини юксалтиришнинг пойдевори янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Давлат камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича қатор янги мажбуриятларни олиши белгиланмоқда. Ёш ёвлодга билим беришдек масъулиятли ва машаққатли касб эгалари ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясига олиняпти.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Конституцияга киритилаётган янги нормалар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам Конституциямиздаги янги меъёр ва қоидалар халқимизга манзур бўлаётгани, меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Тадбирда ғайратли, фаол ёшлар ҳам сўз олиб, тенгқурларини ўз келажагига бефарқ бўлмаслик, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган кенг кўламлари тадбирлари юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш