Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида Сурхондарё вилоят Узун тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан учрашди.
Мулоқотда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, хусусан, хотин-қизлар учун қандай имкониятлар яратилганлиги тўғрисида батафсил маълумот берди.
Учрашувда таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳасининг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, 43-моддада Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш масъулиятини олиши белгиланаётганлиги, 58-моддада Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши мустаҳкамланаётгани тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.