Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, кучга тўлган, ғайрат-шижоати вужудига сиғмайдиган, “тоғни урса талқон қиладиган” даври ҳисобланади. Зеро, улар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинаётгани сабаби ҳам шунда. Юртимизда ёшлар учун имкониятлар эшиги шу қадар кенг очиб берилдики, бундай имтиёз ва имкониятлар ҳеч бир давлатда йўқ, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш учун барча шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратди. Ҳозир ҳокимлардан тортиб, ҳар бир идора раҳбарларининг ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиши яхши анъанага айланди. Бундай мулоқотлар орқали ёшларнинг жуда кўп муаммолари тез ечим топяпти.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун – 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам.
Зеро, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ғоятда муҳим. Шу сабабли ўтган даврда ёшлар сиёсати бўйича ишларни маҳаллада ташкил этиш бўйича мутлақо янги вертикал бошқарув тизими яратилди. 9 минг 400 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ўғил-қизлардан иборат ёшлар етакчилари танлаб олинди. Маҳаллада бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имконият яратилди.
Биргина 2022 йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит ажратилиб, 150 мингта лойиҳа ишга тушди, 325 мингта иш ўрни яратилди. 43 минг гектар экин майдони ажратилган ҳолда, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланди. 32 мингдан зиёд ёшлар субсидия асосида асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер билан таъминланди.
Эътибор беринг, бу атиги бир йилда амалга оширилган ишлардир. Агар сўнгги олти йилдаги ўзгаришлар ҳақида гапирсак, уларни сўз билан ифодалаш қийин.
Янги Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирганда, албатта, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилганини алоҳида қайд этиш керак. Чунки, 130 минг талаба ёшларга 1,7 триллион сўм таълим кредити берилиб, хотин-қизларнинг магистратурада ўқиши бепул бўлгани кичик натижа эмас.
Ёки 53 минг нафар эҳтиёжманд талабаларга ўқиш учун контракт пуллари тўланган бўлса, 81 минг талабага уй-жой ижара тўлови ажратилди, 15,5 минг ёшларга ҳарбий хизмат учун маблағ тўлаб берилди. Эътиборли жиҳати, “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг ёшларга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Бундан буён мамлакатимизда эртамиз эгаларига бўлган эътибор янада кучаяди, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тайинли ишли, даромадли бўлиши, умуман, мурод-мақсадига етиши учун барча имкониятлар ишга солинади.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни эшитиб бунга яққол амин бўлдик.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, сўнгги йилларда юртимизда ёшларга шунча шароитлар яратилаётганига қарамай, айрим ҳокимлар ва вазирлар ёшлар масалалари билан жиддий шуғулланмаётгани очиқ-ойдин тилга олинди.
Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталар экан, ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини билдирди. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланади.
Масалан, яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага киритилди.
Давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинди.
Ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланди. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар эса асосий эътиборни “ўрта” тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратади.
Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда ёшларга бўлган муносабат бутунлай ўзгарди. Ҳеч бир ёш давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолаётгани йўқ. Йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар шубҳасиз, ёшларнинг бутун қобилияти ва иқтидорини юрт корига яраш учун ишлатишдан қониқиш ҳиссини туйишга ундади.
Жаҳонгир КАБИРЖОНОВ,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ижрочи котиби.