Ҳаётда инсонга куч-қувват бағишлайдиган кўплаб воқеалар, жараёнлар бўлади. Уларни ҳар гал эслаганимизда руҳиятимиз, кўнглимиз кўтарилади. Мен Юртбошимизнинг нутқини, фикрларини тинглаганимда ўзимда шундай жўшқинликни, кучни сезаман.
Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган янги йил табригини тинглаб, олдимизга қўйган мақсадларимиз нақадар улканлигини чин дилдан ҳис қилдим.
Мамлакатимиз ҳаётида эришаётган ютуқ ва марралар бизларни янги мақсадлар сари одимлашга ундайди. 2019 йил биз учун, халқимиз учун унутилмас йил бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Сўнгги йилларда бизнинг Мўйноқ туманимизда жуда кўп ўзгаришлар юз берди, янги лойиҳалар амалга оширилди. Бугунги Мўйноқ туманига икки йил олдин келган инсон ҳозир келса, умуман танимай қолади. Туманимиз чирой очиб, янги амфитеатр, маданият саройи, стадионлар, музейлар, меҳмонхона, тикув цехлари, шунингдек, маъмурий бинолар билан бирга кўп қаватли турар жойлар қад ростлади. Бир сўз билан айтганда, одамларимизнинг яшаш шароити тобора яхшиланиб бормоқда.
Президентимиз халқимизга йўллаган янги йил табригида ҳам ўтган йилда эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга янги 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, халқимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш, таълим-тарбия сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилиши алоҳида қайд этилди.
Айниқса, Президентимиз ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни доимий қўллаб-қувватлашга биринчи даражали аҳамияти берамиз, деб алоҳида таъкидлаб ўтганлари мени жуда хурсанд этди.
Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, биз ҳам бу ишга камарбаста бўлишимиз керак, албатта. Ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож фуқароларимиз билан елкама-елка туриш, уларнинг муаммосини, дарду-ташвишини ўзимизники деб билишимиз лозим. Ўтган йиллардаги тажрибаларимиздан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ амалий ҳаракатларимизни янада кучайтиришимиз талаб этилади.
2020 йилни ўзига хос режа ва мақсадлар билан қаршиладик. Янги куч ва ғайрат, маҳаллий Кенгашлардаги кўп сонли депутатларимиз билан янги йилга қадам қўйдик. Эндиги муҳим вазифа партиямиз Сайловолди дастурини изчил таъминлаш, бунинг учун барча имкониятларни ишга солишдан иборат.
Кунсулиў НАСИРОВА,
Халқ демократик партияси Мўйноқ туман кенгаши раиси.