2019 йил амалий ишлар йили бўлди

 

янги йилда эса сайловчилар ишончини оқлашдек шарафли вазифа зиммамизда турибди

Ўтган йил юртимиз ҳаётида катта сиёсий воқеаларга бой бўлди. Энг муҳими, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Мамлакатимиздаги 5 та сиёсий партия сайловда қизғин кураш олиб борди.

Ҳар бир фуқаро эртага жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда ташаббус кўрсата олишга қодир, элу юрт равнақини ўйлайдиган ва бунга ҳисса қўша оладиган муносиб номзодга ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлаш учун сайлов жараёнларида фаол қатнашди.

Биз Сайловолди дастуримизда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини янада оширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олдик. Сайловолди тарғиботи давомида партиямиз ғояси ҳамда дастурий мақсадлари мамлакатимиз жамоатчилиги, сайловчиларга кенг тарғиб қилинди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сезиларли устунликка эришдик. Бизни сайловда қўллаган барча ҳамюртларимизга миннатдорлик билдирамиз.

Ҳозир парламентга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига катта ваколатлар берилган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тегишли ҳудудни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиб, керак пайтда уларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқаяпти, ҳокимликлар, мутасадди идоралар органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитяпти. Бу тажрибадан бу йил ҳам изчил фойдаланмоқчимиз. Ўтган йили халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан партия гуруҳлари йиғилишларида 50 дан ортиқ масала кўриб чиқилди. Сессияларда эса 14 масала муҳокама этилди.

Жорий йилда ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аҳолини ўйлантираётган масалалар бўйича ўз таклифларини илгари суриши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросида фаол иштирок этиши зарур.

Партиямиз Сайловолди дастурида иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, кириб келган янги йилда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларимиз ҳаётига дахлдор бўлган масалаларни ҳал қилиш бўйича ташаббусларимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Зеро, инсон манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Янги йил ҳаммамизга бахт, омад олиб келсин.

 

Шоҳиста Набиева,

Халқ демократик партияси

Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

← Рўйхатга қайтиш