Қашқадарёликлар янгиланаётган Конституцияни қўллаб-қувватламоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

“Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги сиёсий-ҳуқуқий мулоқот тадбири Қарши шаҳридаги Истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, шижоатли ёшлар ва фаол хотин-қизлар, умуман ўз келажагига бефарқ бўлмаган юзлаб қашқадарёликлар иштирок этди.

Қашқадарё вилояти юртимизда ўз ўрни ва мавқеига эга ҳудуд ҳисобланади. Нефт, газ, конденсат қазиб олиш ва табиий газни қайта ишлаш бўйича республикада биринчи ўринда туради. Ҳудудда хорижий инвесторлар иштирокидаги кўплаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда Қашқадарёда оламшумул лойиҳалар амалга оширилиб, турмуш сифати ошиб бормоқда.

Мард, танти ва меҳнатсевар қашқадарёликлар Ватан тақдирига дахлдор масалаларда ҳар доим ўз фикри, муносабатини билдиради.

Сиёсий-ҳуқуқий мулоқот тадбирида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, кейинги йилларда юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилувчи улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Конституциявий ислоҳотлар орқали давлат зиммасига қатор ижтимоий мажбуриятлар юкланаётгани, жамоатчилик таклифлари асосида бош қомусимиз ҳақиқий халқ Конституциясига айланаётганини таъкидлади.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 13- ва 14-моддаларида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга ошириши белгилаб қўйилмоқда.

43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириш назарда тутилмоқда.

57-моддада эса меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинмоқда.

Унга кўра, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради. Мазкур модда билан, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, уларнинг ишга жойлашиши, таълим олиш имкониятларини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Мана шу моддаларнинг ўзи ҳам Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши, давлатнинг фуқаролар олдидаги, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш борасидаги масъулияти бир неча борабар ортаётганини акс эттиради.

Куй-қўшиқ, хурсандчилик кайфиятида ўтган тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасидаги шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Конституция “инсон-жамият-давлат” концепциясига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқилгани, 30 апрель кунги референдумда фаол иштирок этиш Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи эканини таъкидлашди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш