Ҳар бир инсон ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги маданият саройи амфитеатрида янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтириш ва референдумда фаол иштирок этишга чорловга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

“Менинг Конституциям” шиори остида ташкил этилган сиёсий-маърифий тадбирда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.

Бу ўлка нафақат бой тарихи, балки бой тоғ олди табиати билан ҳам ўзига жалб этиб келади. Ҳудудда ҳар мавсумга мос курорт зоналари барпо этилиб, ривожлантириб борилмоқда. Табиийки, бу аҳолининг иш билан таъминланиши, фаровонлиги ошишига ҳам хизмат қилмоқда.

Илмга, янгиликка чанқоқ ёшлар ва фаол хотин-қизлар, турли соҳалар мутахассисларини бир ерга жамлаган тадбир чин маънода кўтаринки кайфиятда ўтди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова сўзга чиқиб, янгиланаётган Конституция жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши, аҳолининг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ барча масалаларни қамраб олгани, давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятлари ортаётгани билан аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтди.

Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат дея белгилаб қўйилаётгани мамлакатимиз чинакам халқпарвар давлатчилик сари илдамлаётганининг амалдаги исботидир.

Давлат камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича қатор янги мажбуриятларни олиши белгиланмоқда. Ёш ёвлодга билим беришдек масъулиятли ва машаққатли касб эгалари ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясига олиняпти.

15-16-моддалар билан Конституция ва қонуннинг устунлиги мустаҳкамланаётган бўлиб, ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принцип ва нормаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

31-моддада ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, 41-моддада ҳар ким мулкдор бўлишга ҳақлилиги белгилаб қўйилмоқда. Бу юртимизда барча тенг ҳуқуққа эга эканлиги, инсон шаъни ва қадри юксалиб бораётганининг мустаҳкам асосидир.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Конституцияга киритилаётган барча янги нормалар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам Конституциямиздаги янги меъёр ва қоидалар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Тадбирда ёшлар ҳам сўз олиб, тенгқурларини ўз келажагига бефарқ бўлмаслик, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш