Хайрли янгиланишлар

 

Душанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракцияларида навбатдаги ялпи мажлиснинг кун тартибига киритилиши керак бўлган қонун лойиҳалари ва масалалар кўриб чиқилди.

Парламент ҳаёти жуда қизиқ, у ердаги жараёнлар ҳам буни исботлайди. Қайсидир қонун ижодкорлари ўз лойиҳасини қаттиқ туриб ҳимоя қилса, яна баъзилари аксини сўраб қолади. Депутатлар ҳам қизиқ бўлади, баъзи қонун лойиҳаларини камчиликларига қарамасдан, кўп меҳнат талаб қилса ҳам, биринчи ўқишда концептуал қўллаб-қувватлашади.

Қўшимча қилиб “камчиликлари кўп, лекин биргаликда тайёрлаймиз, буни халқимиз кутиб турибди”, дейишади. Бу воқеаларга гувоҳ бўлган одамнинг “депутатлар халқни тушунмайди”, деган узун қулоқ гапларга ишониши қийин.

Кун тартибида муҳокама этилган масалалар орасида энг долзарбларидан бири “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасидир.

Лойиҳа Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида кўрилганда, дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳамма учун ҳам фахр, ҳам ғурур бўлган касб бу педагоглик экани, педагогларнинг мақомини ошириш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган чора-тадбирлар тўла ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмаётгани қайд этилди.

Сир эмаски, юртимизда педагогнинг мақоми юқорилиги билан мақтана олмаймиз. Охирги пайтларда ўқитувчисини калтаклаётган ўқувчи ва ота-оналар ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалиниб турибди. Бундай хунук ҳолатлар масъулларни ҳам ташвишга солиши ҳам турган гап.

Шу сабабли мамлакатимизда педагогни қонун билан ҳимоя қилиш, касбнинг аҳамияти ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий турмуш шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш мақсадида янги қонун ишлаб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;

— давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши;

— педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши;

— таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр- қиммати давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш;

— эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш каби бир-биридан муҳим бўлган меъёрлар назарда тутилмоқда.

Бу ерда биз лойиҳада назарда тутилган баъзи жойларини келтириб ўтдик. Аслида лойиҳанинг тўлиқ қисмида анча кенг ва педагогларнинг фаолиятини мустаҳкамловчи яна кўплаб ўринли таклифлар илгари сурилмоқда.

Шу билан бирга, халқ вакиллари ҳам муҳокамаларда ўзларининг бир нечта таклифларини илгари суришди.

 

Шоҳиста Турғунова,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Ўқитувчининг иш формасини белгилаш тартибини ўша таълим ташкилотининг ўзи белгилаши керак, шунда кийиниш одоби бўйича муаммо чиқмайди. Яъни, таълим ташкилоти раҳбари ўзи ишга олаётган ходимга меҳнат шартномасини имзолатаётганда шу бандини ҳам қўшади ва иккала тараф ҳам бундан хабардор бўлади.

Биз ҳозир мактаб директорини маҳаллий Кенгаш сайлайдиган қилиб қўйганмиз, лекин таълим сифатига бошқа ташкилот жавоб беради. Бу дегани директорнинг хатоси учун, директорни сайламаган ёки тайинламаган ташкилотни жавобгар қиламиз.

Балки буни ҳам мувофиқлаштиришимиз керакдир, деган таклифлар билдирилди.

Фикр-мулоҳаза ва савол-жавоблардан кейин қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Кун тартибига қўйилган яна бир масала бўлдики, депутатлар уни бир овоздан маъқул топишди. Бу “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг иқтисодиётини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда у ерда инвестициявий жозибадорликни ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш орқали Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳам том маънода эзгу мақсадга йўналтирилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари билан тўлайди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассисларини (ўқитувчилари) 2022 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар бўлган даврда консуллик йиғимини тўлашдан озод қилиш каби бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Назарда тутилган бандлардан ҳам кўриниб турибдики, мақсад Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, у ердаги таълим тизимини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашдир.

Йиғилишда Халқ демократик партияси фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Ушбу лойиҳа 4 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартиш киритишни назарда тутади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 208-моддасига қўшимча равишда, ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланадиган касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилашга қаратилган ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур лойиҳа ҳаммага ёқиб тушди ва буни яшириб ҳам ўтиришмади. Рости, шахсан ўзимга ҳам ёқди. Балки, ишёқмасдирман. Нима бўлганда ҳам дам олиш кунларимиз яна бир кунга кўпайиши барчани қувонтирса керак.

Шундай қилиб, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳам дам олиш куни сифатида белгиланиши мумкин.

Ҳафта бошида фракцияларда бошланган сиёсий фаоллик кеча, сешанба куни ялпи мажлисда ҳам давом этди.

Барча қонун ҳужжатларини янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, лойиҳа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мақомини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шу жумладан, маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўйича сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.

Хусусан, лойиҳа билан ҳар йиллик маҳаллий бюджетларда бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланмоқда.

Депутатлар томонидан қонунчиликка таклиф этилаётган ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилиши, фуқароларнинг ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама амалга оширишлари учун шарт-шароит яратиши таъкидланди.

Лойиҳада таклиф этилаётган яна бир муҳим янгилик бу – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасидан келиб чиқиб, қонунчиликка муомалага лаёқатсиз шахслар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.

Лойиҳа билан фуқароларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўймаслик бўйича ҳуқуқий кафолатлар янада кучайтирилаётганини ҳам таъкидлаш керак.

Йиғилишда лойиҳа фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди. Хусусан, мазкур лойиҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар йиғини раисининг мақомига оид айрим қонун ҳужжатларининг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқлаштирилмоқда.

Янги қабул қилинган Конституциянинг 16-моддасида белгиланганидек, бирорта қонун Конституциянинг норма ва принципларига зид бўлиши мумкин эмас. Ушбу тамойилни англаган ҳолда, изчиллик билан амалдаги қонун ҳужжатларини Конституцияга мувофиқлаштириш ҳақида якдил фикр билдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, муҳим сиёсий жараёндан кейинги биринчи ялпи йиғилиш ҳам, фракция йиғилишлари ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Депутатлар ҳам худди иккинчи нафаси очилгандай, катта ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшгандек руҳиятда эди. Асосийси, янгиланган Конституция билан давлатчилик ривожи йўлида яна бир катта ва муҳим қадам ташланди. Халқимизга хайрли бўлсин!

 

Аҳмад Қурбонов,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш