9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизнинг энг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади.
Дарҳақиқат бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг нафақат ушбу байрам арафасида, балки доимий равишда халқимиз эъзози ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ҳар томонлама муносиб эътибор марказида яшаётганлиги шубҳасиздир.
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талофатларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида тарихда муҳрланиб қолди.
Бугунги кунда эса орамизда иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган кишилар тобора камайиб бормоқда.
Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир.
Ушбу ҳақиқатни, умуман уруш туфайли бутун инсоният бошига тушган мислсиз жабру-жафоларни ўша урушларда қон тўкиб жон берган ота-боболарим тақдиридан, қолаверса Афғон урушида қатнашиб ўқ еган турмуш ўртоғим ҳаётидан яхши биламан.
Уруш даврида яшаган, унда иштирок этган юртдошларимнинг ўз она юрти ҳимояси йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини тарихга кўра яхши англайман.
Айтиш лозимки, иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланган эди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатганлигини бугун барчамиз яхши биламиз.
Мамлакатимизнинг бошқа ерларида бўлгани каби, Жиззах вилоятида ҳам юрт озодлиги, унинг шаън-шарафини ҳимоя қилиш учун минглаб одамлар жангга отланишди ва урушнинг биринчи кунлариданоқ ҳарбий комиссарликларга ўзларини фронтга юборишларини сўраб яна минглаб аризалар тушди.
Уруш туфайли биринчи галда Жиззахда ҳам ҳарбий давр талаблари асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга эътибор қаратилди. 1942 йилга келиб дон экиладиган майдонлар урушгача бўлган йилларга нисбатан 1,5 мартага кўпайди.
Уруш йилларида Жиззахда механизатор ходимларнинг умумий сони 10 марта камайди. Шу туфайли хотин-қизлар ва ёшлардан механизаторлар тайёрлашга алоҳида аҳамият берилди. Жиззах ва Каттақўрғон шаҳарларида, машина – трактор станциялари қошида ташкил этилган механизаторлик курсларида 1941-1945 йиллар давомида 415 нафар механизаторлар тайёрланди.
1941-1945 йилларда юртдошларимиздан 39 620 киши урушга сафарбар қилинди. Улар Ленинград ва Сталинград мудофаасида, Белорус ва Украина ерларини душмандан озод қилиш жангларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. 7450 нафар киши озодлик учун ўз жонларини қурбон қилди. Уларнинг айримлари жанг суронларида бедарак кетди.
Жиззахлик уч кишига – Е.Иванин, Э.Исмоилов ва Ж.Тўраевга Халқ қаҳрамони унвонлари берилди. 4600 дан ортиқ жангчи орден ва медаллар билан мукофотланди. Ғаллаороллик Эшонқул Исмоилов Польшанинг Познань шаҳрини озод қилиш учун бўлган жангда шахсан ўзи 40 нафар босқинчи фашистни ер тишлатди. Жиззахлик Жўрақул Тўраев Белорусь тупроғидан душманни ҳайдаб чиқариш учун бўлган жангларда жасорат кўрсатди. У 46-енгил артилерия бригадасининг нишонга олувчи аскари сифатида Пороховшина қишлоғи ёнидаги жангда душманнинг 12 та танкини, “Фердинанд” типидаги 2 та ўзиюрар тўпини ишдан чиқарди, душманнинг бир қанча аскар ва офицерларини қириб ташлади. Зоминлик Авазжон Ниёзматов Брест қалъасини душмандан ҳимоя қилишда мардларча ҳалок бўлди.
Ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов урушнинг биринчи кунлариданоқ бевосита жангларда иштирок этди. У оғир жароҳати туфайли фронтдан қайтгач, ғалабани таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти меҳнаткашларининг фронт орти сафарбарлигини оширишга ҳисса қўшди.
Жиззахлик Назир Сафаров ва Қодирқул Имомовлар жангчиларнинг жасорати ҳақидаги мақола, очерк ва шеърларини бевосита окопларда ётиб ёздилар. Ажойиб шоир ва публицист Ҳамид Олимжон фашистлар бостириб кирган куннинг эртасигаёқ ўзининг “Ғалаба” шеърини яратди.
Халқимизнинг тарих саҳифаларида ўчмас ҳарфлар билан битилган бундайин мардлик ва матонат, олийжаноблик, меҳр ва мурувват ҳамда юксак маънавият барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда.
Шунинг учун босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган мард ва жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ҳамда фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда анъанага айланган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли давр ва дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода бизнинг миллий қадриятимизга айланган. Бу ҳол ёшларимизни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш туйғулари билан, ўз аждодларига муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбияланишида беқиёс аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Фурсатдан фойдаланиб барча фахрийларимизни, азиз юртдошларимизни Хотира ва қадрлаш куни билан чин юракдан табриклайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Энди уруш бўлмасин!
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.