Сайлов якунлари – Оҳангарон шаҳрида ХДП яққол етакчи!

Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳри кенгашига ўтказилган сайловларда мутлақо кутилмаган ҳолат содир бўлди. ХДП вакиллари мутлоқ чемпион!

Яъни, 25 та сайлов участкасининг 16 тасида ХДП дан кўрсатилган номзодлар депутатлик мандатига эга чиқишди. Бошқача айтганда, депутатлар салмоғининг умумий ҳисобда 64 фоизи халқ демократик партияси вакилларидир.

Умуман, бўлиб ўтган сайловларда маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларга кўп нарса боғлиқ. Олий Мажлис ва вилоят кенгашига сайланган депутатлар, албатта, катта сиёсий куч. Бироқ, тан олиш керакки, демократия инструментлари қуйи тизимларда яққолроқ намоён бўлади. Айнан туман ва шаҳар кенгашларининг сессиялари азал-азалдан жангари руҳда, кескин баҳслар, муросасиз тортишувлар билан ўтади.

Яқин истиқболда Оҳангарон шаҳрида ХДП электорати манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар кўпайса ажаб эмас. Чунки, маҳаллий кенгашларга эндиликда кўплаб ваколатлар берилган. Хусусан, маҳаллий бюджет маблағларини тасарруф қилиш, ҳокимнинг муҳим қарорларини тасдиқлаш борасида кенгашнинг розилиги керак.

Депутатларнинг 64 фоизи битта партиядан бўлса, бундай шаҳарни бошқариш осон бўлмайди. Айниқса, мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч – ЎзЛиДеПнинг шаҳар кенгашига сайланган депутатларига бу муҳим чақириқдир. Рақобат майдонида сон жиҳатдан ХДПнинг устунлигини аниқ, лекин сифат масаласи қандайлиги ўтажак сессияларда, шунингдек, депутатларнинг ижтимоий-сиёсий жабҳада нақадар фаоллигида кўринади. Ҳозирдан бир нарса дейиш қийин...

Сайловолди тарғибот тадбирларида ХДП автокарвон ташкил этганди. Шундан сўнг бошқа партиялар ҳам шу мазмундаги шоуларни ташкил этишга киришганини эслаймиз. Қолаверса, номзодларни саралаб, ҳар томонлама пухта ўйлаб танлангани ҳам муҳим аҳамият касб этган бўлса керак.

Умуман олганда, Оҳангарон шаҳрининг келгуси беш йилликдаги ривожланиши бугун ХДП сафида депутатлик мандатига эга чиққан вакилларига боғлиқ. Улар фақат ва фақат халққа хизмат қилиш, эл-юртга камарбаста бўлиш мақсадидагина уюшадилар, бошқа ғаразли ниятларда жамоавийлик синдроми бўлмайди, деб умид қиламиз.

ХДПчиларни ғалаба билан табриклар эканмиз, ҳушёр бўлишга, масъулият ва муқаддас бурчни унутмасликка чақирамиз. Бинобарин, партия халққа хизмат қилиш йўлида бир восита, йўл, холос. Асосийси, холислик ва адолат шайинини маҳкам ушлаш.

Ғалаба муборак, ХДП!)))

 

***

 

Маълумот учун: маҳаллий кенгашларга сайловлар натижасига кўра, вилоят миқёсида ХДП иккинчи бўлди. Оҳангарон шаҳри (16 та), Пискент (12 та), Тошкент тумани (12 та), Ангрен шаҳри (10 та) кенгашларида ХДП депутатлари салмоқли ўрин эгаллади.

Олмалиқда – 6 та, Нурафшон шаҳрида – атиги 2 та, Оҳангарон туманида 6 та депутатлик ўрни ХДП вакилларига насиб этди. Сайлов натижаларига кўра, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари бўйича жами 184 нафар ХДПчи депутат бор. Бу жами депутатларнинг 29 фоизини ташкил этади.

 

Манба:Олтин воҳа - Oltin voha

Телеграм канали

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш