Оила – жамиятнинг асосий бўғинидир

 

Оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади.

Бинобарин, оила эр-хотин, уларнинг бола-чақалари, энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гуруҳи, яъни хонадон ҳисобланади. Айни чоғда оила кишиларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларига асосланган ижтимоий бирлиги ҳамдир.

Оила шундай маконки, унда авлодлар камол топади.

Демак, оила жамиятнинг табиий ҳужайраси, ижтимоий асосидир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси - оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Шу жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1994 йилдан эътиборан ҳар йили 15 май кунини “Халқаро Оила куни” сифатида нишонланишга қарор қилгани бежиз эмас.

Янги Конституцияда – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилди. Фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда.

Оила иши - шу оила аъзоларининг шахсий иши деб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш бизнинг давлат ва жамиятимизга ёт ҳолатдир. Қашқадарё вилоятида уч миллион тўрт юз мингдан зиёд аҳоли 800 тадан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Вилоятимиздаги 626 мингдан ортиқ хонадонларда, 784 мингдан зиёд оилалар тинч ва фаровон яшаб келмоқда. Уларга Конституциямизда, Оила Кодексида, бошқа Қонунлар, Фармойишлар, Қарорлар асосида барча шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар яратиб берилган. Айниқса кам таъминланган оилаларга, болаларга, ёлғиз аёлларга давлат ва жамият ўз ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

 

Музаффар Туропов,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш