Жарималар реал даромадларга мос бўлиши зарур

 

15 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция йиғилишларида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокамадан ўтказилди.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи ва унинг хусусиятлари, ушбу шартномавий муносабатларда шартнома объектини тасарруф этиш, гаровга қўйиш ва ундирувга қаратишга доир қоидалар назарда тутилмоқда.

Олий суд томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, мазкур соҳадаги қонун бузилишлари йилдан-йилга икки баробарга ўсган.

Мазкур қонун ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, ушбу соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

— Қонун билан кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага ёки лизингга бериш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилади;

— автотранспорт воситаларини ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жиноятларининг олди олинади;

— ижара ёки лизингга олувчиларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари таъминланади.

Фракция аъзолари янги меъёрлар партия дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаб, айрим фикр-мулоҳазалар билдирган ҳолда, қонун лойиҳасини маъқуллаб овоз беришди.

Шу куни муҳокама қилинган яна бир лойиҳа Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бўлди.

Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилишини таъминлаш орқали тадбиркорлик фаолияти субъектларига ўз фаолият доирасини кенгайтиришга, метрология соҳасида фаол рақобат муҳитини шакллантириш имконини беради.

Лойиҳада метрология хизматлари соҳасига хусусий секторнинг жалб этилиши ва бу борадаги давлат ташкилотларининг эксклюзив ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, соҳадаги монополияга чек қўйиш кўзда тутилмоқда.

Қолаверса, қонун лойиҳаси билан метрология текшируви ва метрология назорати функциялари ажратилмоқда.

Агар қонун кучга кирса, давлат метрология назоратини амалга ошириш ваколатини сақлаб қолган ҳолда, метрология текширувини эркинлаштирилади. Яъни, бу соҳада хусусий секторнинг фаолияти қонун билан кафолатланади.

Кун тартибида яна бир муҳим Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Амалдаги қонунга кўра, Мажбурий ижро бюросининг исталган “ижрочи” мақомидаги ҳодими маъмурий жазога тортиш ваколати борлиги аҳоли орасида айрим норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётганди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдори ундирилиши лозим бўлган суммага нисбатан номутаносиб равишда бир неча карра юқори белгиланиши мумкин.

Бу эса аҳолининг иқтисодий ҳолатини оғирлаштириши табиий.

Мазкур қонунга биноан МЖтКнинг 1981-моддасига ушбу модда асосида қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда.

МЖтКнинг 2453-моддасига МЖтКнинг 1981-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги тўғрисидаги ўзгартириш киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси Халқ демократик партиясининг ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ижтимоий адолат ғояларига мослиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жарималар миқдори аҳолининг реал даромадларига мувофиқ бўлиши муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилиб, қўллаб-қувватлаш бўйича якдил қарор қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш