Халқ демократик партияси Президент сайловида муносиб иштирок этади

 

Партия Марказий Кенгаши пленумида шу ҳақда қарор қабул қилинди

Ҳаммамизга яхши маълумки, жорий йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Мамлакат тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямиз қабул қилинди.

Референдумда халқимиз фаол қатнашиб, халқ Конституцияси учун юқори бирдамлик намунасини кўрсатиб овоз берди.

Янгиланган Конституция янги ҳуқуқий маконни юзага келтирди. Бундай муҳим тарихий паллада мамлакат ПрезиденТлиги учун сайлов ўтказилиши катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эгадир. Марказий сайлов комиссияси жорий йил 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш масалалари бўйича қарор қабул қилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон тарихидаги яна бир катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бошланди.

Ҳар қандай сайлов сиёсий партиялар, жумладан, Халқ демократик партияси учун ўз дастури, ғоя ва ташаббусларини бойитган ҳолда халқимиз олдига олиб чиқиш, ҳоҳиш-истакларини билиш, фаоллар ва электорати сафини кенгайтириш, ва албатта, сиёсий платформасини амалга ошириш нуқтаи назаридан муҳим имкониятдир.

2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди. Сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, партиянинг Қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби, партия Қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалалар муҳокама марказига қўйилди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Иноятов­ Улуғбек Илясович номзоди партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди. Шундан сўнг бирин-кетин партия фаоллари сўзга чиқишди.

 

Улуғбек Вафоев,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– Мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, халқ фаровонлигига эришиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар фундаментал аҳамият касб этади.

Айниқса, кейинги ўн йилликда дунё давлатчилигида ижтимоий йўналиш, хусусан, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, давлат институтларининг фуқаролар олдида масъулиятини кучайтириб бориш тамойили марказий ўринга чиқмоқда.

Халқимиз билан бирга муҳим сиёсий тадбир – муддатидан илгари Президент сайлови арафасида турибмиз.

Сайлов бу – фикрлар, қарашлар, ғоялар рақобати, халқ хоҳиш-иродасининг намоён бўлиши, ҳар бир фуқаронинг ўз келажаги, Ватани равнақи, халқи фаровонлиги учун сиёсий жараёнларда фаол ва бевосита қатнашиш имкониятидир.

Айниқса, янгиланган Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий асосда йўлга қўйишда Президент сайлови муҳим аҳамият касб этади.

Бўлажак Президент сайлови янгиланган конституциявий-ҳуқуқий муҳитда, партиялараро рақобат, аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган шароитда ўтади.

Партиямизнинг сайловдаги иштироки бўйича асосий тадбирларнинг календарь режаси ишлаб чиқилди, партия марказий сайлов штаби тузилиб, унинг вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди.

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда партиямиз аъзолари сони қарийб 550 минг кишидан зиёдни ташкил қилмоқда, аъзолар таркибида республика даражасидаги давлат бошқарув органлари раҳбарлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, ўз соҳасининг етук мутахассислари, бир сўз билан айтганда, юртимиз равнақи ва тараққиётига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётган фуқароларимиз жуда кўп.

Партиянинг 32 йиллик сиёсий майдондаги фаолияти, тўплаган тажрибаси ҳамда сиёсий қарашларини эътиборга олган ҳолда, партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари томонидан берилган таклифлар, шунингдек, партия фаоллари билан маслаҳатлашиб, партия Уставининг 6.6.5-банди талабларидан келиб чиқиб, партия Қурултойига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод этиб, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Илясович Иноятовнинг номзодини кўрсатиш таклиф этилмоқда.

Улуғбек Илясович Иноятов шахсига тўхталадиган бўлсам, самимийлик, оддийлик, ҳалоллик ва очиқлик, ўз принципларига содиқлик ва профессионалликни алоҳида таъкидлаш зарур.

У киши қатъий сиёсий позициясига эга, жамият манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўйишдек ноёб фазилат соҳиби, фидойи раҳбар, жамиятнинг умуммақсади йўлида собитқадамлиги билан кўп сонли партия аъзолари ва аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга эга.

Бир сўз билан айтганда, Улуғбек Илясович давлат бошқаруви ва сиёсат соҳасида етарли тажрибага эга, партиямиз олдида турган дастурий мақсад ва вазифаларни самарали бажара олиш учун зарур кўникмага эга ҳамда сайловчиларимизни ўз ортидан эргаштира олади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, бир қатор партия фаоллари, фахрийларининг таклиф ва истакларини эътиборга олиб, биз Улуғбек Илясович Иноятовнинг номзодини Халқ демократик партиясидан Президентликка бўлажак номзод сифатида илгари суриш ҳақидаги масалани партиянинг Қурултойига киритиш юзасидан таклиф билдирмоқдамиз.

Барча пленум аъзолари ушбу таклифимизни қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз.

 

Шарбат Абдуллаева,

Халқ демократик партияси “Фахрийлар кенгаши” раиси:

– 2023 йил мамлакатимиз тарихида янги бир саҳифа очди десам, хато бўлмайди. Нега деганда, аввало халқимиз ўз сиёсий иродасини ифода этиб, янгиланган Конституцияни қабул қилган бўлса, куни кеча яна бир муҳим сиёсий тадбирга старт берилди. 9 июль куни муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши белгиланди.

Ҳар қандай сайлов – бу сиёсий партиялар учун имконият. Бугун сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳити тобора ривожланиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгаяётган бир пайтда аниқ, ҳаётий ва аҳоли манфаатларига мос мақсад-вазифаларни ўз зиммамизга олишимиз муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, партиямизнинг ўз олдига қўйган ғоя ва мақсадлари бугунги замон талабига мутаносиб, давр тақозо этаётган муҳим масалалар эканлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу жараёнда партиямиз янгиланган Конституциядан келиб чиқиб, дастуримизни ҳам тубдан янгилашимиз, унга халқимизни ҳозирги кунда ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича аниқ ечимларни киритишимиз керак бўлади.

Шу билан бирга, партиямиз ўзининг сиёсий мавқеи ва имижини ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириши зарур. Бунда, аввало, партиямиз фаолиятини тарғиб қилиш, етакчиларимизни сиёсий майдонга олиб чиқиш, янги номзод тўғрисида электоратимизни, сайловчиларимизни хабардор қиладиган муҳитни яратишимиз зарур.

Сайловолди тарғиботи жараёнларида, партиямиз ташкилотлари ҳузурида ташкил этилган “Тарғиботчилар гуруҳи”, “Ёшлар” ва “Фаол аёллар” қанотлари аъзолари имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнларда ҳар бир партия аъзоси, депутатлар, туман, шаҳар Кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари барча имкониятларини ишга солиши, шижоат билан ишлаши лозим.

Шу ўринда партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилаётган Улуғбек Илясович ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. У киши оддий ўқитувчиликдан чиқиб, таълим соҳасига кўп меҳнати сингган, ҳаётнинг паст-баландини яхши биладиган, камтарин инсон. Сиёсатда, давлат ва жамоат ишларида катта тажрибага эга, ўз соҳасининг етук мутахассиси, юртимиз равнақи ва тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

У кишининг партиямиздан Президентлик учун номзод сифатида кўрсатилишини қўллаб-қувватлайман. Улуғбек Илясовични номзодликка ҳар томонлама лойиқ инсон, деб биламан.

 

Эркин Гадоев,

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли:

– Бир сиёсий жараённи якунлаб, яна бир муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан учрашиб турибмиз.

Бугунги йиғилишимизда партиямизнинг ушбу сайлов кампаниясида муваффақиятли иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда, режалар, дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Барчамизга маълумки, Конституциямизга биноан Президент сайловининг асосий субъекти сиёсий партиялардир.

Демак, мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрни ва мавқеига эга, барча сайловларда фаол қатнашиб келаётган партия сифатида Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда ўз нуфузига муносиб тарзда иштирок этиши лозим.

Партиямиз томонидан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Иноятов Улуғбек Илясович номзоди кўрсатилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Юқорида таъкидланганидек, у киши кўп йиллардан бери давлатимиз ва жамиятимиз учун фидокорона хизмат қилиб келмоқда.

Унинг таълим ва партиямиз ривожига қўшган ҳиссаси катта. Шу билан бирга, Улуғбек Илясовичнинг бир жиҳатига алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдим. У киши жуда ҳам камтарин ва инсонпарвар шахс ҳисобланади. Бу ҳолатга шахсан ўзим бир неча бор амин бўлганман. Шу боис, ўйлайманки, айнан Улуғбек Илясович партиямизнинг энг муносиб номзоди ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ қарорларни ҳамда партиянинг номзодини қўллаб-қувватлаган ҳолда, режа ва дастурлар доирасидаги барча тадбирларнинг юқори савияда, сайлов қонунчилигининг асосий тамойил ҳамда талабларига мос равишда ўтишини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Малика Қодирхонова,

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли:

– Халқимиз билан янги Ўзбекистонга мос ва монанд, халқнинг орзу-умидларини ўзида тўлиқ мужассам этган янгиланган Конституцияни қабул қилдик.

Янгиланган Конституцияда ҳокимият бўғинлари тўлиқ ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги мувозанат жиддий ўзгарди, барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари олдига янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифалар қўйилди. Шу боис муддатидан илгари Президент сайловининг эълон қилиниши ўринли ва айни вақтида бўлди.

Галдаги муҳим вазифамиз – сайловда фаол иштирок этиш. Халқимиз барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Шундай экан, партиямиз ҳам халқимиз ишончини оқлаш учун сайловда ўзининг дастурини қайта кўриб чиқиб, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг оғирини енгил қиладиган, ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясай оладиган долзарб таклифлар билан чиқиши керак.

Ҳар қандай сайлов демократиянинг кўзгуси ҳисобланади. Партиялар бир-бири билан ўзаро рақобатлашиб, жамиятнинг ўсиши учун асосий туртки, импульс бўлиб хизмат қилади. Партиялар ғояларни кўтариб чиқувчи, фикрлар берувчи ва жамиятни ривожлантиришга ундовчи, уни назорат қилувчи кучга эга бўлган сиёсий ташкилот ҳисобланади.

Шуни алоҳида қайд этишим керакки, ушбу сайловнинг барча жараёнларида партиямиз ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаол иштирок этади. Кўзланган марраларга эришиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Чунки, барча сайловларда қатнашган партиямиз йиллар давомида катта сиёсий тажриба тўплаган.

Бизнинг партия тарғибот ва ташвиқот жараёнларида ғоя ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш ва халқ орасига кириб бориш бўйича ўз стратегиясига эга. Шундай экан, Халқ демократик партияси йирик сиёсий жараён бўлмиш Президентлик сайловида муносиб қатнашади.

Мен ҳам партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига илгари сурилаётган Улуғбек Илясович номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Мен у кишини кўп йилдан бери яхши биламан. Улуғбек Илясович давлат бошқаруви ва сиёсат соҳасида ҳамда партиямиз олдида турган дастурий мақсад ва вазифаларни самарали бажариш учун етарли тажриба ва кўникмага эга.

Бу инсон партиямизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этиши учун ушбу масъулиятли жараёнда партия ташкилотлари ва депутатлик корпусларини ҳамжиҳатликда, аниқ, пухта ва уюшқоқлик билан бирлаштириб, ўз ортидан эргаштира олади.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Мамлакатимизда яна бир муҳим сиёсий имтиҳон – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур сайлов мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа. Мазкур сиёсий жараёнда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш, умуман олганда сайловга пухта тайёргарлик кўриш масаласида олдимизга муҳим вазифаларни белгилаб оляпмиз.

Тарғибот ва ташвиқот жараёнларида асосий кучимиз минтақавий, маҳаллий ва бошланғич даражадаги партия ташкилотларимиз ҳамда тарғиботчиларимиз ҳисобланади. Уларнинг имконият ва ваколатларидан самарали фойдаланишимиз лозим.

Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳлари партиянинг Президент сайловида иштирок этиши жараёнларида фаол қатнашади.

Партиямиздан Президентликка номзод сифатида кўрсатилаётган Улуғбек Илясович ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. У киши жуда самимий, оддий, очиқкўнгил инсон. Шу билан бирга, ўз принципларига содиқ, профессионал, қатъий сиёсий позициясига эга, партия электорати манфаатларини собитқадамлик билан илгари суришига ишонаман.

 

Назира Матякубова,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– 2023 йил мамлакатимиз тарихида ҳар тарафлама муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга бой йил бўлмоқда. Халқимиз умумхалқ референдумида ўзининг фаол фуқаролик позициясини ва юксак сиёсий салоҳиятини намоён этиб, келажакда қандай давлатда яшаш истакларини намоён этдилар.

Барчамиз ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнларида кенг жамоатчиликнинг юксак фаоллигига гувоҳ бўлдик.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши давлатнинг ўз фуқароларига бўлган ғамхўрлигини янада кучайтиради, давлат институтларининг фаолиятлари самарадорлигини янада оширади.

Партиянинг 30 йиллик аъзоси сифатида шуни айта оламанки, партиямиз ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларда, ошкоралик, эркинлик асосида ўтказилиб келинаётган барча сайлов жараёнларида фаол қатнашиб келди. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.

Сайлов орқали биз партиямизнинг дастурини халқ олдига олиб чиқиб, халқимизнинг хоҳиш-истакларини билиш, фаоллар ва электорат вакилларини кенгайтириш, шу билан бирга, сиёсий платформамизни амалга ошириш имкониятига эга бўламиз.

Сайлов жараёнларида, жумладан, партиямизни қўллаб-қувватловчилар имзосини йиғиш, номзод ва партиямиз дастурий мақсадларини халққа етказиш, тарғибот ва ташвиқот ишларида партиямиз сафидаги фаол, фидойи ва масъулиятли инсонларни жалб этишга, уларни тайёрлашга алоҳида аҳамият қаратишимиз лозим.

Шу билан бирга, партиямиз томонидан илгари сурилаётган номзод Улуғбек Илясович Иноятовни тўлиқ қўллаб-қувватлашимни таъкидламоқчиман. Ўйлайманки, Халқ демократик партиясининг Марказий Кенгаши раиси бўлажак Президент сайловида электоратимиз манфаатини муносиб ифода этади.

Биз, қорақалпоғистонлик партиядошлар ишонч билан айтамизки, бугун қабул қилинадиган қарорларни тўла қўллаб-қувватлаймиз, белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, сайлов жараёнида муносиб иштирок этамиз.

 

Шерали Мамадецоев,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси:

– Барчамиз гувоҳи бўляпмизки, бугун дунё нотинч, аввалгидан анча мураккаблашган. Ҳар қадамда тўқнашув, келишмовчилик юзага келмоқда. Айрим давлатлар фуқаролар олдидаги тинчликни асраш бўйича бурчини бажара олмаяпти.

30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз ўзининг фуқаролик позициясини намоён қилди. Бошқача айтганда, мамлакатимиз ривожланишнинг янги тарихий тараққиёт босқичига кўтарилмоқда.

Пленумда муҳокама қилинаётган масалалар мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу қарорларни ҳамда партиямиз томонидан кўрсатилаётган Улуғбек Илясович Иноятов номзодини қўллаб-қувватлаган ҳолда барчамиз ҳамфикр бўлиб, олдимизда турган муҳим вазифаларни амалга оширишда фаол бўламиз.

Партиянинг Сирдарё вилоятидаги барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ қарорларни ҳамда партиянинг номзодини қўллаб қувватлаган ҳолда, олдимизда турган муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда, сайлов қонунчилигининг асосий тамойил ҳамда талабларига мос равишда ўтишини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

Олдимизда турган улкан вазифаларни бажаришда барчангизга куч-қувват ва омад тилайман.

Янгиланган Конституциямиз мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, давлат бошқаруви, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар йўналишида ҳам янгича ҳуқуқий маконни юзага келтирди. Мана шундай тарихий даврда Халқ демократик партияси устувор дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, юртимизда ўтказиладиган Президент сайловида муносиб иштирок этиш учун барча имкониятларини сафарбар қилмоқда.

Ҳа айтганча, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ҳақида якуний қарор қабул қилишга фақат партиянинг Қурултойи ваколатли ҳисобланади.

 

Қўш саҳифани Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 17.05.2022, №18

 

 

 

Теглар

Пленум Сайлов
← Рўйхатга қайтиш