Тадбиркорликни ривожлантириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш мумкин

 

Маълумки, ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Ўзбекистонда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, томорқани ривожлантириш каби дастурлар қабул қилинди. Биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида бюджетдан триллион сўмлаб имтиёзли кредитлар ажратилди. Албатта, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилди.

Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан камбағалликка қарши курашишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти.

Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала ҳисобланади. Мамлакатимизда касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп фарзандли аёллар, ишсизлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган ҳунарлар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касбга ўргатиш курслари ташкил этилди. Бунинг учун маҳалла идоралари ёки ҳудуддаги бинолардан жой ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Аммо камбағалликни қисқартириш бу бир кунлик иш эмас. Бунинг ортидан машаққатли меҳнат, масъулият ва тинимсиз изланиш ётганлигини яхши тушунишимиз керак. Шу боис давлатимиз раҳбари 15 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишларда янги босқичга ўтиш, рағбат чораларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Энг аввало, камбағаликни қисқартириш учун тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди. Шу мақсадда жорий йил 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилинди.

Иккинчидан, дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Учинчидан, бундай тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Уларга қўшилган қиймат солиғи ҳамда ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади. Божхона расмийлаштирувида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Тўртинчидан, дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасига ҳам тўхталди. Маълумки, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойда тажриба катта. Ушбу тажриба асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланди. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади. Энди ҳар йили тасдиқланадиган давлат инвестиция дастурлари ҳам шу асосда шакллантирилади. Мутасаддиларга танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилдики, белгиланган вазифаларнинг ижроси мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини янада оширишга, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишига хизмат қилади.

 

Муқаддас Ўрозалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш