Келажагимиз – ўз қўлимизда: бу жараёнда Барчамиз фаол бўлишимиз шарт!

 

Муаллим – Устоз!

Муаллим – бутун бир авлод ва келажагимиз тарбиячиси!

Таассубки, шўро тузумидан мерос “анъана” – ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш мустақиллигимизнинг ўтган чорак асрлик даврида ҳам тамойилда бўлди. Қишлоқ ўқитувчилари деярли бутун йил давомида – пахта яганаси, ўтоғи ва ниҳояти теримида ойлаб далага ҳайдалдилар. Шаҳарлик педагоглар ҳам бу жараёндан ҳоли эмасдилар – улар икки ва ҳатто уч ойлаб давом қиладиган пахта теримига олиб бориларди.

Яна бир ёмон одат – далага хашардан ташқари кўча бўйларини ободонлаштириш, кўчат экиш каби ишларга ҳам асосан ўқитувчилар жалб қилинарди. Бу ҳолни айрим ҳудудларда яқинларгача кузатдик.

Энди кўз олдингизга келтиринг:кеча синфхонада “адолат” ҳақида гапирган ўқитувчи бугун кўча супираётган вақтида ёнидан бехос ўтиб кетаётган ўқувчилари олдида ким деган одам бўларди?

Муҳтарам Президентимиз саъйи ҳаракатлари билан юртимизда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилди. Бундан биринчи навбатда кўп сонли ўқитувчилар хурсанд бўлишди. Касбим туфайли буларга гувоҳман!

Яқиндагина умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Конституциямизнинг янги лойиҳасида шу каби салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги қонунан мустаҳкамланиб, кафолатланиб қўйилгани эртанги кунимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлод тарбияси учун масъул педагогларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошишига ҳеч шубҳасиз хизмат қилади.

Бундан ташқари ўқитувчи обрўси ошишида унинг машаққатли меҳнатига тўланадиган ҳақ адолатли бўлиши ҳам керак. Бу борада ҳам сўнгги йилларда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Дунё тезкор ривожланмоқда, кўз ўнгимизда улкан ўзгаришлар рўй бераётир. Айни пайтда жаҳон ҳамжамияти тинч ва осайишта ҳаёт учун курашаётир.

Жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга халқимиз бугун қўлни қўлга бериб, ислоҳотларнинг янги босқичида фаоллик кўрсатиб, эртамиз бўлмиш Учинчи Ренессанс сари қадам ташлаётир. Бу сермашаққат ва масъулиятли йўлдир!

Буюк келажакни яратишга аҳду паймон қилган давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз масъуллари бу жараёнда халқ билан ҳамнафаслиги, фуқаролар талаб ва истакларидан келиб чиқиб, халқчил қонунлар қабул қилинаётгани, Бош қомусимизнинг замон ўзгаришларга бақамти ўзгартирилгани олдимиздаги синовларга мустаҳкам асос бўлиши ҳеч шубҳасиздир! Шу билан биргаликда янги конституция талабларидан келиб чиқиб, юртимизда муддатидан олдин президентлик сайлови эълон қилингани, сиёсий партиялар ўз номзодларини кўрсатгани – муҳим сиёсий жараёнга киришилгани ҳаммамиз учун яна бир ҳаёт имтиҳони вазифасини бажармоқда. Нафақат бугуни, балки келажагини ўйлаган, фарзандларимизнинг ривожланган давлатлардаги тенгқурлари каби эркин ва озод инсонлар бўлишлари, тинч, фаровон яшашларини истаган ҳар бир фуқаро сайловда фаол иштирок этмоғи, ўз овозини келажагимиз учун бермоғи шарт, деб биламан!

Бу жараёнга бефарқлик – бўлғуси авлодлар тақдирига бефарқликдир!

 

Озода КУЛИМОВА,

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси методисти,

ЎзХДП аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш