Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси бўлиб ўтди.
Қуйи палатанинг кун тартибида кўрилган биринчи масала — «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.
Мазкур лойиҳа билан Яйлов хўжаликларини ривожлантириш уюшмаси тизимининг субъектларида фаолиятни амалга ошираётган мавсумий ходимларга нисбатан вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўлланилиши назарда тутиляпти. Ушбу давр мобайнида соҳадаги мавсумий ишчилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, солиқ тўловчиларнинг ипак қурти уруғини ва пиллани етиштиришдан, пиллани қайта ишлашдан, тайёр ипак маҳсулотларини ҳамда ипакчилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни ишлаб чиқаришда айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилиши ҳам лойиҳада ўз аксини топмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ имтиёзларини қўллаш орқали пилла хом ашёси етиштириш, соҳани янада ривожлантириш, пиллакашлик корхоналарини хом ашё билан таъминлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ипакчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини тақсимловчилар фаолиятида ички аудитни тартибга солишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши керак эди. Лекин лойиҳа бўйича депутатларнинг таклифлари ўринли эканлиги инобатга олиниб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилиши учун масъул қўмитага қайтарилди.
Йиғилишда депутатлар томонидан контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларнинг муомаласига чек қўйишга қаратилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасида инсон ҳаёти ёки соғлиғи, хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқарганлик ва муомалага киритганлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда.
Инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф солувчи товарларни ишлаб чиқариш ва сотганлик учун жазо чораларининг кучайтирилиши одамларда масъулият кучайишига олиб келади. Сабаби, енгил даромад илинжида ўзгалар ҳаётини хавф остида қолдираётганлар ҳам учраб турибди. Шунинг учун инсон ҳаётига дахл қиладиган ҳар қандай жиноят учун жазо чораларини кучайтириш лозим. Бу инсон капиталини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари томонидан санитария нормалари ва гигиена қоидаларига риоя этилмаслик инсон соғлиғига таъсир кўрсатишга сабаб бўлиши мумкин. Мазкур қонун лойиҳасида санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси оғирлаштириляпти.
Бундан ташқари, тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқариб, реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар тартиби аниқ белгиланмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг муомаласига чек қўйиш ҳамда ишлаб чиқарувчилар манфаатларини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳага депутатлар томонидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Мажлисда «Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Юридик шахслар умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариб умумий тармоққа сотганда фойда солиғи ҳамда улар бўйича мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, уй-жойда умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.
Халқ вакилларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.
Дарҳақиқат, қайта тикланувчи энергия бугунги кунда бутун дунё диққат марказида турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Юртимизда ҳам бу соҳанинг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар, имтиёзлар яратилиши лозим.
Депутатлар ҳам мазкур қонун лойиҳаси соҳанинг ривожида катта аҳамият касб этишини таъкидлаб, бир овоздан маъқуллашди.
Кун тартибида, шунингдек, «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Ана шу вазифаларни амалга ошириш учун Кодекс жавобгарликнинг асослари ва тамойилларни, қандай ижтимоий хавфли қилмишлар жиноят эканлигини аниқлайди, ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.
Жиноят кодекси қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига асосланади.
Шунингдек, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган, деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган, деб ҳисобланади.
Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади, шунингдек, содир қилинган жиноят учун тайинланган жазо ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган, деб ҳисобланади.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосинниг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганлик даврида содир этган жинояти учун судланганлик тамғасидан холи тарзда янгитдан бошлашига имкон беради.
Албатта, ҳар доим қонунлар устувор бўлиши керак. Улар жамият ҳаётини тизгинлаштириб, тартибга солиб туради. Лекин, вояга этмаган шахснинг оқибатини чуқур ўйламай ёки эҳтиётсизлик оқибатида қилган жиноятини кечириб, унга имкон бериш ҳам бағрикенглик ҳисобланади. Бағрикенглик бу юртга ҳар доим ярашган.
Аҳмад Қурбонов,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 7.06.2022, №21