“Биз сиз билан биргамиз!”

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олмалиқ шаҳрида “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти Кенгаши масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбир жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, шу асосида партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси учун ҳаётий таклифларни шакллантириш мақсадида ташкил этилди.

Дастлаб сўзга чиққанлар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтишди.

 

Мақсуда Ворисова, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида ногиронларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётга қизиқишини ошириш, қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўтган давр мобайнида ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда экспертлар сифатида 87 нафар фахрий депутатлари ва кексалар жалб қилинди.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойида партия гуруҳлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлами манфаатларини ҳимоя қилишга оид 234 та масала депутатлик гуруҳларида ва 82 та масала доимий комиссияларда ва 45 та масала сессиялар кўриб чиқилган. Амалга оширилган тадбирлар давомида маҳаллаларда тиббий кўриклар ташкил этилди. Уларда ногиронлиги бўлган кексалар ва кам таъминланган оила вакилларига депутатлар томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилиб, дори-дармон воситалари билан таъминланди. 26 нафар ногирон кексаларга ногиронлик аравачалари, 32 та қўлтиқтаёқлар олиб берилди. Шунингдек, 30 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларни даволанишлари учун йўлланмалар олиб берилди.

Тадбир давомида партия фаоллари ва депутатлар “Мурувват”, “Саҳоват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатларининг моддий-техник таъминоти ҳамда мазкур муассасаларда тарбияланаётган партия электорати вакилларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Аниқланган муаммолар таҳлил этилди. Уларни маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссия йиғилишларида шунингдек, кенгаш сессиялари кун тартибига олиб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

Боймурод Юсупов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

– 2019 йилга мўлжалланган Сайловолди дастурининг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида одамларни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалалар бўйича таклифлар шакллантирилди. Масалан, жойлардаги муаммоларни гапирадиган бўлсак, ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими, ногиронларга имтиёзли шартларда бериладиган дори воситалари ва ортопедия буюмларининг ягона электрон ҳисоботи йўқ. Очиғини тан олиш керак, соҳада шаффофлик мавжуд эмас. Бу эса ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Яна бир гап. Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмаси ҳам талаб даражасида эмас. Бу ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтириш, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаяпти. Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар жисмонан ҳамда маънан эскирган.

Демак, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ ушбу масалаларни ўз вақтида ҳал этиш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим вазифадир. Шундан келиб чиқиб, партиямизнинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида  ёлғиз қариялар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз ногиронларнинг ҳаётий эҳтиёжлаарига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Берилган таклифлар асосида ҳужжат лойиҳасига “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида истиқомат қилувчилар учун оиладаги билан бир хил шароит яратиш бўйича етарли даражада бюджетдан молиялаштиришни таъминлаш масаласини ҳам киритдик. Ҳозир жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ яна бир қатор таклифлар устида ишлаяпмиз.

Сўзга чиққанлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг тегишли стандартларини жорий қилиш масалаларига тўхталиб ўтишди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш