Президентликка номзод қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов Қарши шаҳрида қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди. Унда нуронийлар, ёшлар, маҳаллалар фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия аъзолари қатнашди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов олиб борди. Номзоднинг ишончли вакили Фирдавс Шарипов сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ яқиндан таништирди.

Президентликка номзод сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишларга тўхталиб ўтар экан, унда 9 та йўналишдаги 100 га яқин ғоя ҳамда ташаббуслар илгари сурилаётганини қайд этди.

Дастурда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя ва тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Асосий таклиф ва ташаббуслар электорат вакилларидан “қуйидан юқорига” тизими асосида шакллантирилгани қайд этилди.

Хусусан, дастурда ижтимоий тенглик тушунчасига урғу берилган. Яъни, бу ҳуқуқларнинг тенглиги бўлиб, ижтимоий, мулкий ҳолати ва даромад даражасидан қати назар, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлашни англатади.

Шу билан бирга, дастурда ижтимоий ҳимояни кафолатлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш каби жиҳатларга ҳам кенг ўрин берилган. Ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш эса устувор масала саналади. Дастурда бу борада алоҳида қонун қабул қилиш таклифи илгари сурилган.

Номзод дастуридаги ҳар бир таклифни атрофлича тушунтириб берди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда Президентликка номзод сайловчиларнинг саволларига ҳам жавоб берди. Учрашув давомида сайловчилар дастур, ундаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш