Хайтхан АРТУКБАЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ демократик партиясидан Сирдарё вилоят Кенгаши депутати:
— Хабарингиз бор, кеча Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз жамиятда юзага келаётган ижтимоий муаммоларга алоҳида тўхталди.
Жойларда ҳали жуда кўп муаммолар ҳали ўз ечимини кутиб тургани таъкидланди. Масалан, йўл қурилиши соҳасида жами 184 минг километр бўлган автомобиль йўлларининг 70 минг километри, ёки 38 фоизи қайта қуришга муҳтож. Одамларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган коммунал хизмат соҳасини оладиган бўлсак, бу борада ҳам жуда-жуда кўп муаммолар мавжудлиги айтилди.
“Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, аёллар ўртасида 12,5 фоизни ташкил этади.
Албатта узоқ вақт давомида халқ билан мулоқот қилинмагани, унинг дарди, ташвишларини атрофлича ўрганиб, ҳал қилиш чоралари кўрилмагани оқибатида мана шундай ижтимоий муаммолар тўпланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас”, - деди президент.
Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида шуни айтишим керакки, давлатимиз раҳбарининг ушбу ҳақли эътирозлари биздан ҳам ишга, вазифамизга жиддий ёндашишни талаб қилади.
Тўғриси, ҳудудларда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. Уларни кўриб, билиб туриб кўз юмуш, бефарқ ўтириш биз учун кечириб бўлмас хатодир. Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, уларни ўша ҳудудда яшаётган, асл вазиятдан тўлиқ хабардор бўлган маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш ишларини янада кучайтиришимиз керак. Бу амалиёт яхши натижа бермагани давлат раҳбари томонидан танқид қилинди. Демак, янада қаттиқ ишлашимиз керак.
Жойларда учраётган муаммоларнинг аксарияти электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, партия ташкилотларидан тортиб, депутатлар, сенаторлар ҳамжиҳатликда ушбу муаммоларни ечишда бир куч бўламиз. Биз учун халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир!