Президентликка номзод фарғоналик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг водий бўйлаб сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Номзоднинг бу галги сайловчилар билан учрашуви Фарғона вилоятининг бой тарихга эга сўлим Қўқон шаҳрида бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши раиси Зокиржон Зоҳидов олиб борди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамаджонова эса номзоднинг ишончли вакили сифатида сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Шундан сўнг номзод сайловолди дастуридаги асосий йўналишлардан ўрин олган ғоя ва ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берди. Дастур, аввало, қуйидан юқорига қараб шаклланган таклифлар асосида шакллантирилганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дастурнинг биринчи йўналиши “Кучли ижтимоий сиёсат – ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси” деб номланган бўлиб, давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисобланмоқда.

Бу йўналишдан бир қатор муҳим таклифлар ўрин олган. Масалан, барча фуқаролар учун адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, шу жумладан, эр ёки хотини вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлган турмуш ўртоғига ўтказиб бериш (пенсияни алмаштириш) тартибини жорий этиш қилиш таклиф этилмоқда.

Аввало, пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлиши муҳимлиги айтилди.

Дастурнинг кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам – инсон саломатлиги гарови деб номланган йўналишида “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифи билдирилмоқда.

Шунингдек, дастурда таълим йўналиши бўйича кўплаб таклифлар мужассамланган. Хусусан, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига болалар учун инклюзив таълим ва тарбия тизими билан таъминлаш масаласига эътибор қаратилган.

Шунингдек, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллари ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш назарда тутилмоқда.

Қизғин ва самимий ўтган учрашувда сайловчилар Президентликка номзодга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди. Дастур, ундаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга чақиришди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш