ХДП фракцияси Бош вазирликка Абдулла Арипов номзодини қўллаб-қувватлади

 

Бугун Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис кўриб чиқиши учун Бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини тавсия этди.

А.Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан Бош вазир лавозимига кўрсатилган номзод Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган эди.

Қўшма мажлисда Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Бош вазирликка номзод бўйича фракция қарорини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот тамойили асосида белгилаган тараққиёт стратегиясига мувофиқ барча соҳалардаги ислоҳотларни Ҳукумат изчил амалга ошириб келгани, A.Aрипов Бош вазирликка ҳар томонлама энг муносиб номзод эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда ижтимоий муаммо ва масалаларга ечим топиш Ҳукумат олдидаги долзарб вазифалардан ҳисобланиши ҳам алоҳида қайд этилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирлигига Абдулла Арипов номзоди қўллаб-қувватланди.

Қўшма мажлисда Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш