Эрта тонгданоқ Нукус шаҳридан Мўйноқ томан йулга чиқдик. Манзил аниқ. Мўйноқ туманининг «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғинига боришимиз керак. Масофа эса 120 км. Агарда Чимбой тумани томонидан борилса...
– Сал эртароқ чиқмадикми? – деб савол билан мурожаат қилди ҳамроҳим ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ходими Махмуд Есенгелдиев.
– Эрта эмас, биз вақтида етиб боришимиз керак. Йўлларнинг аҳволини кўргандан кейин бунга амин бўласан, деб гапга аралашди ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири Мақсет Серимбетов.
– Минажатдин оға, унда даслабки мурожаат йўл масаласида бўлар эканда, деди Махмуд менга назар ташлаб.
– Ундай бўлса энг биринчи масалалар қаторига киритиб қўйинг дедим.
Нукусдан 60 километр масофадаги Чимбой туманидан ўтиб боряпмиз.
– Мақсет оға сиз айтганчалик бор экан. Йўллар анча эскирган. Чимбой туманидан Мўйноқ туманининг «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудигача оралиқдаги йўлни яхшилаш керак экан, – деди Махмуд Есенгелдиев ён дафтарини қоралаб.
Икки ярим соатда манзилга етиб келдик.
Мўйноқ туманидаги «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудуди 169 минг гектарни ташкил этади. Бир томони Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. Нукус шаҳридан 120 километр, Мўйнок тумани марказидан 90 км масофада жойлашган. Агар Нукусдан Мўйноқ тумани орқали келадиган бўлса, 350 километр масофа. Аҳоли сони 2821 киши. Ҳудудда 18 минг гектарга эга «Жалтир бас» кўли бор. Аҳолининг кўпчилиги балиқчилик, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади.
– Бизнинг «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғинида 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассаси ва 1 та қишлоқ врачлик пункти бор, – дейди овул фуқаролар йиғини котиби Жанабай Жубанов. – Турли хил миллат вакилларидан ташкил топган фуқаролар 511 та оилада истиқомат қилиб келмоқда.
Биз сайёр қабулимизни бошлар эканмиз, 92 ёшли Ўринбой ота Қайипназаров хонадонига кирдик.
– Мен Қозоқдарё балиқ заводида 40 йил меҳнат қилганман, – дейди отахон биз билан суҳбатда. – Бугунги кунда эса қарилик даврини суряпман. Пенсияни вақтида олиб турибмиз. Ҳамширалар тез-тез келиб, соғлиғимни текшириб туришади. Биз бугунги ҳаётдан жуда мамнунмиз. Мўйноқ тумани янги қиёфага кирмоқда. Ҳудудларга янги замон нафаси кириб, янгиланиб, яшариб бормоқда. Шукроналигимиз кўп. Сизларга, партия ходимларига ҳам катта рахмат. Хонадонларга кириб, аҳволимиздан хабар олганингиз учун беҳад миннатдормиз.
– Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларни эртага эмас бугун яхши яшаши учун шароит яратиб бериш юзасидан олдимизда катта вазифалар турганлигини, аҳоли муаммолари билан ишлашда мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида айтган эди, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. – Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар билан бевосита ишлаши, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаши ва бартараф этиши бўйича ишлар такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон ХДП тизимида ҳам аҳоли билан доимий мулоқат қилиш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш мақсадида жойларда учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги бугунги ўтказилаётган сайёр қабул ҳам бунинг исботидир.
Сайёр қабулда 83 ёшли фуқаро Ўтепберган Назарбаев аҳоли томорқаси учун 7 километр чақиримдаги «Насадной» каналидан сув чиқариб бериш масаласини кўтарди. Аслида бу масала анчадан бери халқни қийнаб келаётган муаммо экан. Биз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаш депутати Бийбигул Ержанова орқали депутатлик сўровини тегишли жойларга жўнатиб, муаммога аниқлик киритдик. 10-15 кун ичида маъулмот берилишини тушунтирдик.
Тадбир давомида барча кархона ва ташкилотлар алоҳида секцияларда мурожаатларни қабул қилишди, мавжуд муаммолар ҳар бир соҳа ва йуналиш бўйича чуқур ўрганилди.
Биз эрта йўлга чиққан пайтдаги Чимбой - Қозоқдарё автойул муаммоси фуқаро Қувончбой Кенжабоев томонидан кўтарилди. Ҳокимлик томонидан ташриф буюрган мутассадилар бу масалани давлат дастурига киритилганлигини ва яқин вақтлар ичида ҳал бўлишини маълум қилишди.
– Ёшим 90 да. Сайёр қабул ўтказилаётганлиги ҳақида эшитиб, оиламиздаги муаммони айтиш учун келдим, – дейди Қаллихон момо Мамбетмурадова. –Рўзғоримиз анча катта. Лекин уйимизда суюлтирилган газ баллон битта, яна биттаси бўлганида биз учун анча қулайлик бўларди.
Туман ҳокимлиги мутахассиси томонидан момонинг муаммоси шу жойда ҳал қилиниб, иккинчи баллон етказиб бериладиган бўлди.
– Бизлар даволаниш учун ордер олишда Мўйноқ туман марказига боришимизга тўғри келмоқда, – дейди пенсионер отахон Уснатдин Бекназаров. – Марказга бориш учун масофа 90 километр. Қариган чоғимизда биз учун осон эмас. Бу масалада ёрдам кўрсатсангиз.
Ушбу масала юзасидан муаммо ўз жойида ҳал этилиб, «Қозоқдарё» қишлоқ врачлик пункти мудири Баян Турганбаева тегишли жойлардан ёрдам олиб берадиган бўлди.
Сайёр қабул чоғида барча фуқароларнинг муаммолари, таклифлари тингланиб, уларнинг бажарилиши тегишли ташкилот ва кархоналар томонидан назоратга олинди. Очиқ мулоқот давомида ҳеч ким давлат ва жамият эътиборидан четда эмаслиги яна бир марта намоён бўлди.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ