Ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Сайловолди дастуридаги асосий ғоялардан ҳисобланади

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига саноқли кунлар қолмоқда. Ҳозирда Президентликка номзодлар Сайловолди дастуридаги мақсад ҳамда вазифаларига асосланиб, жамиятимиз тараққиёти ва келажаги билан боғлиқ масалалар бўйича сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

 

Халқ ҳокимиятчилиги – демократик ижтимоий давлатни барпо этишнинг муҳим шарти

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Улуғбек Иноятовнинг Сайловолди дастурининг VII йўналиши Ижтимоий тенгликка ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Унда белгиланган мақсад ва вазифалар айнан жамиятимизда долзарб масалаларга бағишлангани билан ажралиб турибди.

Дастурда “Биз мамлакатда ижтимоий тенгликка асосланган халқ ҳокимиятчилиги принципини мустаҳкамлаш орқали демократик ижтимоий давлатни барпо этиш тарафдоримиз” деган фикр илгари сурилади.

Хўш, халқ ҳокимиятчилиги деганда нима тушунилади? У қандай хусусиятларга эга? Аввало, халқ ҳокимиятчилиги фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги бевосита ва билвосита иштироки демакдир. Уюшқоқлик, бир-бирининг фикрини эшитиш, ўзаро ҳурмат ва бирдамликда ҳаракат қилиш халқ ҳокимиятчилигининг муҳим жиҳатидир.

Таъкидлаш лозимки, халқ ҳокимиятчилиги – демократиянинг мазмуни ҳамда ажралмас шарти. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг II боби ҳам айнан “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланиб, уни рўёбга чиқариш бўйича муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади”, деган қоида белгиланган.

ЎзХДПдан номзоднинг Сайловолди дастурида таъкидланганидек, барча инсонларнинг ёши, жинси, жисмоний имконияти, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур.

Албатта, халқ ҳокимиятчилиги принципи фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқида ҳам намоён бўлади.

Бош Қонунимизга мувофиқ, бу ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ҳамда давлат органларини демократик тарзда ташкил қилиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Халқ ҳокимиятчилиги принципи билан бевосита боғлиқ устувор қоидалар мавжуд бўлиб, улар давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ҳамда мувозанатни сақлаш, ижтимоий-сиёсий хилма-хилликни таъминлаш, муҳими, инсон манфаатларининг давлат манфаатларидан устуворлигини кафолатлашга хизмат қилади.

Халқ ҳокимиятчилиги – бу жамиятда қонун устуворлиги ва ҳуқуқий маданият нечоғлик юксак даражада эканини кўрсатувчи ўзига хос индикатор ҳам дейиш мумкин. Агар кишилар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишга интилмасалар, энг олийжаноб ва мукаммал қонунлар ҳам уларни демократик муҳитда яшашга ўргата олмайди.

Шу нуқтаи назардан биз мамлакатда ижтимоий тенгликка асосланган халқ ҳокимиятчилиги принципини мустаҳкамлаш орқали демократик ижтимоий давлатни барпо этиш тарафдоримиз. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат, жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Фуқаролик жамияти – инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Дастурда “Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади. Биз мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш тарафдоримиз”, деган фикрлар илгари сурилади.

Миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга қаратилган кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтиш масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган фаол демократик янгиланиш ва модернизациялаш жараёнларининг ажралмас қисми бўлиши лозим.

Фуқаролик жамиятида:

  • нодавлат, жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат тизимини мустаҳкамлашга, сайловчиларнинг, ўз аъзоларининг ва давлатнинг манфаатларини уйғунлаштириб, ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши;
  • марказлашган бошқарув билан халқ ҳокимиятчилигининг бошқа субъектлари ўртасида ижтимоий муроса, аҳиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш таъминланиши;
  • инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун туриши, давлат органлари инсонларга хизмат қилиши;
  • маъмурий бошқарувдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарувига ўтиш муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан номзодимиз Сайловолди дастурида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришини янада кенгайтиришни ҳам таклиф этмоқда.

Фуқаролик жамияти давлат томонидан тўғридан-тўғри бошқарилмайдиган фуқаролар, жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар уюшмаларининг ўзаро самарали ижтимоий алоқалари тизимидан ташкил топгани сабабли бу институт ўзига хос қонуниятлар – тенглик, бирдамлик, очиқлик, ўзаро ҳурмат, ишонч асосида ривожланади.

Ҳуқуқий давлатни фуқаролик жамияти ривожланишининг натижаси,деб ҳисоблаш мумкин. Ҳуқуқий давлатчиликнинг шаклланиш жараёни, ҳеч шубҳасиз, аста-секинлик билан, босқичма-босқич давом этиб, фуқаролик жамияти шаклланиши билан бирга уйғунлашиб боради.

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда юз бераётган ўзгаришларга уйғун равишда фуқаролик жамияти институтлари тобора ривожланиб бормоғи лозим. Бу, бир томондан, фуқароларнинг сиёсий тафаккури юксалаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконнинг кенгайиб бориши билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятов ўз Сайловолди дастурида фуқаролик жамияти ва нодавлат институтлар фаолиятигаалоҳида эътибор қаратаётгани шу омилларга мувофиқдир.Номзод таъкидлаётганидек, фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Дастурда назарда тутилган яна бир масалалардан бири – давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатишга ўтишдир.

Босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига давлат функцияларини бериб бориш замирида ижтимоий масалаларни янада самарали ҳал этиш, бу жараёнда нодавлат институтлар фаоллиги ва таъсир кучини ошириш ғояси мужассамдир. Бу биринчи навбатда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий хабардорлиги ва маданияти юксалиб боришига қулай шароит яратади. Айниқса, одатда унча фаол ҳисобланмайдиган, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар бўйича ўз фикри, таклифларини ҳар доим ҳам билдиравермайдиган эҳтиёжманд қатлам учун бундай шароит муҳим ҳисобланади.

Аҳолининг турли ижтимоий қатламлари ўртасида мулоқот муҳити ривожланиб бориши натижасида давлат функцияларининг босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтиши жараёни табиий равишда кенгаяди. Бу айни пайтда фуқароларнинг нафақат сиёсий-ҳуқуқий, шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошишига муҳим асос бўлади. Ижтимоий боқимандалик кайфияти ўрнига, муаммоли ҳолатларда фуқароларда ижтимоий бирдамлик ҳисси билан ҳаракат қилиш, энг мувофиқ ва тезкор ечимлар топишга интилишни кучайтиради.

Халқ демократик партияси электорати манфаатлари нуқтаи назаридан асосий устуворлик шундаки, турли йўналишдаги маслаҳат ёрдамлари, ҳунар ўрганиш, касб танлаш, қайта малака олиш билан боғлиқ масалалар фуқаролик жамияти интитутлари орқали тезроқ ва самаралироқ ҳал этилади. Шу нуқтаи назардан ҳам давлатнинг айрим функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш ғояси муҳимдир.

Бу ўринда ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳам алоҳида эътиборга молик.Фуқаролик жамияти тузилмалари юқоридан туриб эмас, балки фуқароларнинг ташаббуси билан, ихтиёрий асосда, табиийки, муассисларнинг манфаатлари, қизиқишлари ва мойилликларига мувофиқ тузилади. Уларнинг эркинлиги ўзини ўзи бошқариш фаолиятида намоён бўлади ва айнан шу йўл билан улар жамият тараққиётига ҳисса қўшади.

Сайловолди дастурда илгари сурилган яна бир муҳим масала –фуқаролик жамияти институтларини маҳаллий миқёсда қўллаб-қувватлаш, туманлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш. Ушбу ташаббус жойларда фуқаролик жамияти институтларининг янада фаол ишлаши, фуқароларни ўйлантираётган, қизиқтираётган ижтимоий масалаларни фуқароларнинг таклифлари ва бевосита иштирокида ҳал этиш учун муҳим рағбат бўлиб хизмат қилади.

Ижтимоий қизиқишлар ва манфаатлар уйғунлиги фуқароларни бир-бирига тез яқинлаштиради. Бунинг учун биринчи навбатда улар ўртасида юзма-юз ва бевосита мулоқот шаклланиши ва ривожланиши муҳим. Бундай мулоқот муҳити маълумки дастлаб маҳаллалар, туман, шаҳарлар миқёсида юзага келади.

Ижтимоий-иқтисодий хусусиятларига кўра ҳар бир ҳудуд ўзига хосдир. Мана шу ўзига хослик фуқароларни тез бирлаштиради, ижтимоий масалаларни биргаликда ҳал қилиш кўникмасини ривожлантиради. Шунинг учун фуқаролик жамияти институтлари маҳаллий миқёсда ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳим ҳисобланади.

Сўз фуқаролик жамияти ҳақида борар экан, табиийки, бу жабҳада етакчи бўлган давлатлар тажрибасига тўхталиб ўтиш лозим. Масалан, АҚШда фуқаролик жамиятининг дастлабки институтлари турли уюшмалар, мактаблар ва турар жойлар бўйича хавфсизлик ва тартибни таъминловчи ижтимоий гуруҳлар сифатида фаолият олиб борган. Ғарбий Европада эса бундан фарқли равишда фуқаролик жамияти институтлари иқтисодий соҳада ўз-ўзини намоён қилиб, бу янги ва эски типдаги, олдинги уюшмалар ва корпоратив бирлашмалар асосида ташкил топган мустақил бозор ташкилотлари сифатида фаолият юритган.

Германияда фуқаролик жамияти институтларининг ўзига хос фаолияти ҳунарманд ва савдогарларнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва шаҳарларни бошқаришга маълум даражада таъсир ўтказишнинг дастлабки шакли сифатида қарор топган.

Ҳозирги даврда ривожланган Ғарб давлатларида фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари демократик сиёсий фаолликни назарда тутган ҳолда давлат устидан назоратни амалга оширади. Бунда сиёсий партиялар таъсири ва ўзини ўзи бошқариш институтлари фаоллиги тобора ортиб бораверади. Яъни, шахс эркинлиги олий қадрият сифатида баҳоланади. АҚШ, Буюк Британия ва Австралияда мазкур тамойил сабаб давлатнинг фуқаролик жамияти ҳаётига аралашуви чекланган.

Умуман олганда, ривожланган давлатларда фаолият олиб бораётган демократик институтлар замонавий фуқаролик жамияти моделини яратиш, унинг давлат бошқарувидаги самарали иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу маънода, номзоднинг Сайловолди дастурида жамият ва давлат бошқарувида фуқаролик институтларининг ўрни ҳамда аҳамиятини мустаҳкамлаш, жамоатчилик тузилмалари ва давлат органларининг ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш назарда тутилмоқда. Бунда давлатнинг нодавлат институтлар билан ҳамкорлиги очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланишига катта урғу берилмоқда.

 

Сиёсий партиялар – демократик тараққиётнинг зарурий шарти

ЎзХДПдан номзоднинг Сайловолди дастурида фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида сиёсий партиялар ва уларнинг бирлашмаларининг ваколатларини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, ижро ҳокимияти томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклиф муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Зеро, ижро этувчи ҳокимиятнинг аҳолининг манфаатларига тааллуқли, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича халқ вакиллари билан маслаҳатлашуви бундай долзарб масалалар юзасидан ҳар томонлама пухта ўйланган, барча тарафларнинг манфаатларига мос келувчи қарорлар қабул қилиш имконини беради ҳамда халқ ҳокимиятчилиги принципига тўлақонли мос келади.

Бунинг натижасида аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларига мос ижтимоий жиҳатдан самарали қарорлар қабул қилиниши бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади. Сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари дастурий ғояларидан келиб чиқиб, ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга интилади.

Фикрлар, қарашлар, позициялар хилма-хиллиги ижро ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу халқ ҳокимиятчилиги тамойили мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Маҳалла – ноёб демократик институт

Миллий қадриятларга асосланган маҳалла халқимизнинг турмуш тарзини ифода этувчи, руҳий-маънавий эҳтиёжи, мафкураси, тафаккури, инсонларнинг ўзаро қўшничилик алоқалари, оилавий муносабатларни шакллантирувчи маънавий-маърифий маскан, серқирра ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Маҳалла ўзининг таъсир кўрсатиш усуллари орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари, яъни маҳаллалар фуқароларимизнинг ижтимоий муносабатлардаги иштирокининг барча жабҳаларини қамраб олган.

Хусусан, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш (бағрикенглик, меҳр-оқибат, ҳашар, ўзаро ёрдам, мурувват, ҳамжиҳатлик каби миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва кейинги авлодларга етказиш, оилалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш) шулар жумласидандир.

Шу боис номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланган аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг иштирокини янада кенгайтириш борасида илгари сурилган ғоялар алоҳида диққатга молик.

Ушбу ташаббус маҳалланинг ноёб демократик институт сифатида давлат ва жамият ҳаётидаги мақомини янада мустаҳкамлашга ва шу орқали фуқароларнинг муаммоларини маҳалланинг ўзида, ортиқча оворагарчиликларсиз ҳал этиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Маҳалла институти ҳаётимизнинг барча жабҳалари билан узвий боғланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Фуқароларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касбга йўналтириш, турли масалаларда малакасини оширишни ташкиллаштиришда долзарб ижтимоий функцияни бажаради.

Чунки маҳалла нафақат фуқаролар, балки оилалар, турли соҳа вакиллари ўртасида ижтимоий мулоқот муҳитини мустаҳкамлаш имкониятларига ҳам эга. Ким вақтинча ишсиз, нега ишсиз, унинг меҳнат фаолиятига қизиқиши, эҳтиёжларини қаноатлантириш учун қандай чоралар кўриш мумкинлиги маҳалла доирасида тезроқ ҳал этилиши мумкин.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳалла институти давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш, шу орқали турли ижтимоий дастурлар сифатли бажаралишига ижобий таъсир кўрсатишда беқиёс имкониятларга эга ҳисобланади. Битта ҳудуд миқёсидаги ҳар бир маҳаллада жамоатчилик назорати фаол йўлга қўйилганда, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятида масъулият ва ҳисобдорлик ортади.

Кўриниб турибдики, номзодимиз Сайловолди дастуридаги муҳим ғояларнинг амалга ошиши, электорат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишида маҳалла институтининг аҳамияти беқиёсдир.

 

Ёшлар – фуқаролик жамиятининг таянчи

Мамлакатимизда илғор, демократик меъёрларни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муносабатларга кенг ва фаол татбиқ этишда ёшлар муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод дастурида халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлашда ёшлар масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Хусусан, дастурда салоҳиятли ёшлар сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида фаол ишлашини рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланади.

Дарҳақиқат, дунёвий тараққиётдан маълумки, ёшлар барча даврда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилган. Шу жиҳатдан бу қатламни доимий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади.

Навқирон авлод вакилларининг манфаатини бошқа кўпчилик қатламлар вакилларининг манфаатига қарши қўймасдан, умуммиллий манфаат билан уйғунлаштириш ёшлар сиёсатининг ўзаги ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш мамлакат истиқболини янада юксалтиришга замин яратади.

Жамиятни ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида ёшларда ўз билимларини мустақил бойитиш, профессионализм ва замонавий кўникмаларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ёшларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини ўрганиш ва уларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, ғайрат-шижоатидан мамлакатимизнинг умумманфаати йўлида фойдаланиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бугун ҳар қачонгидан долзарбдир.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар – эл-юрт эртасини белгилаб берувчи куч. Халқ ҳокимиятчилигига асосланган бошқарувни қарор топтириш, фуқаролик институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий барқарорлик асоси бўлган демократик қадриятлар устуворлиги кўп жиҳатдан аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларимизга боғлиқ.

Умуман, Халқ демократик партияси сиёсий платформасига мувофиқ шакллантирилган номзод Сайловолди дастуридаги асосий таклиф
ва ташаббусларнинг самарали амалга ошиши мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Номзод дастурининг асосий ғояларидан бўлган ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъий назар, барча инсонларнинг давлат бошқарувида эркин, фаол иштирок этишини кафолатлаш фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолият юритишига чамбарчас боғлиқдир.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, номзод дастурида барча йўналишларда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар бир-бирини тўлдиради, албатта, ижтимоий давлатчилик концепциясига ҳар томонлама мувофиқ келади.

Шу боис, сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовни қўллаб-қувватлашга чақирамиз!

Ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, конституциявий ҳуқуқларимиздан фойдаланган ҳолда, қатъий фуқаролик позициямизни кўрсатишимиз, давлатимиз равнақи, юртимиз келажагимиз учун Президент сайловида фаол иштирок этишимиз зарур.

 

Шерали Мамадецоев,

Бахтиёр Ташев,

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзоднинг ишончли вакиллари.

«Ўзбекистон овози», 5.07.2022, №25

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш