Президент Мурожаатномасидан нималар кутяпсиз?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси эртага, 24 январь куни тақдим этилиши кутиляпти.

Партиядошларимиз, депутатлардан “сиз ушбу Мурожаатномадан нималар кутяпсиз”, деган саволга жавоб олдик:

 

Мавжуда Ҳасанова, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

– Янги Ўзбекистон шиори остида одимлаяпмиз. Яқинда бўлиб ўтган сайловлар ҳам “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” деган тамойил асосида ўтди. Мамлакатда том маънода янги парламент шаклланди. Шу маънода Президент Мурожаатномаси янги Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаат бўлади, деб ўйлайман.

Охирги йилларда халқ билан мулоқот йўлга қўйилди, жамиятдаги оғриқли нуқталар, қандай муаммоларни ҳал қилишни кечиктириб бўлмаслиги ҳақида хулосалар юзага келди. Бундан кейин ислоҳотларда изчиллик, ижтимоий йўналтирилганлик янада кучайиши керак, деб ўйлайман. Мен Мурожаатномада одамларни бугун ўйлантириб турган қандай ижтимоий масалалар ҳал қилиниши бўйича янги ғоя ва ташаббуслар илгари сурилишини кутяпман.

 

Мажидхон Усмонов, Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

– Юртимизда кўппартиявийликни ривожлантириш асосида парламент ислоҳотлари изчил амалга оширилмоқда, давлат бошқарувида вакиллик ҳокимиятининг ўрни, ваколатлари кенгаймоқда.

Мурожаатномада давлат бошқарувида парламентнинг реал таъсирини ошириш, вакиллик ҳокимиятининг ваколатларини кенгайтириш бўйича муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилади, деб кутяпман.

Очиғини айтиш керак, бу борада ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Сессияларда муҳокама этилаётган масалалар, қарорлар кўп ҳолларда ўз ҳолига ташлаб қўйилади ёки уларнинг ижросида сусткашлик кузатилади. Депутатлик сўровлари ҳам қайсидир раҳбар иш столининг бир четида қолиб кетаётган ҳоллар борлиги сир эмас. Демак, вакиллик ҳокимиятнинг таъсир кучини ошириш олдинда турган энг муҳим вазифалардан, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида бу масалага алоҳида тўхталгани бежиз бўлмаса керак. Ҳудудларни тараққий эттириш ҳақида кўп гапирамиз. Жойларда вакиллик ҳокимиятининг ваколатини кенгайтириб, таъсирини кучайтирмас эканмиз, эзгу режалар амалга ошиши қийин бўлади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш