Камбағалликка қарши курашилади

 

Шербек Бўронов,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

– Мурожаатномани диққат билан, таъсирланиб тингладим. Унда қатор масалалар очиқ-ойдин баён қилинди. Жумладан, ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, мавжуд камчиликлар, масалага маъсулият билан ёндашмаётган маъсул раҳбарлар очиқ ва ошкора айтилиб, давлат ташкилотлари фаолиятига ҳаққоний баҳо берилди.

Барча соҳалар сингари ижтимоий йўналишдаги муҳим ва долзарб масалалар ҳам тилга олиндики, булар айнан ЎзХДП Дастурида белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини ҳис қилдик.

“Аҳоли фаровонлигини яхшилаш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш биз учун бош вазифалардан бири бўлиб қолади. Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Энди буни яшириб юришга ҳаққимиз йўқ, очиқча айтишиз керак. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатлами мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этади. Аниқ рақамларга тўхталсак, гап 4-5 млн аҳоли ҳақида кетяпти”, деди давлатимиз раҳбари.

Бу рақамларнинг ўзи менимча ҳеч қандай изоҳга ўрин қолдирмаса керак, деб ўйлайман.

Муҳими, бу борада фақат рақамлар айтилмасдан, оғир муаммоли ҳолатни баратараф этиш, мамлакатимизда камбағалларни камайтириш бўйича самарали, ҳаётда кўп марта исботи топилган механизм жорий этилади. Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатларимиз аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш жараёнларида алоҳида жонбозлик кўрсатиши зарур. Чунки ушбу масала бевосита партиямиз электорати манфаатлари билан боғлиқ.

Аҳолининг етарли даромадга эга бўлиши, фаровонлиги ортиши учун албатта, уларни иш билан таъминлаш керак, деб ўйлаймиз. Очилаётган иш ўринлари барқарор ва барқарор даромад манбаига айланмас экан, биз фаровонлик ҳақида гапира олмаймиз. Шунинг учун бандлик дастурларига киритилаётган ва шу асосда яратилаётган иш ўринларини ҳам депутатлик ва парламент назорати шаклида мунтазам ўрганиб боришимиз керак.

Ишлагани учун ходимга қанча ҳақ тўланяпти? Бугун очилган иш ўрни эртага маълум бир сабабларга кўра ёпилиб кетмаяптими? Ана шу саволларга жавоб топиш кундалик фаолиятимиздан жой олиши лозим.

Инсон аввало муқим иш ўрнига эга бўлса, ҳаётдан рози бўлади. Мамлакат ривожи учун хизматга шайланади. Акс ҳолда, фақат рўзғор тебратиш, амал-тақал қилиб кун ўтказиш ҳақида бош қотиради. Ваҳоланки, бугун катта режалар, катта мақсадлар сари ҳаракат қиладиган замон.

← Рўйхатга қайтиш