Ўзбекистон ХДП Боёвут туман кенгаши депутати, Боёвут тумани «Навбаҳор» МФЙ раиси Жумабой Раҳмонқулов “Йилнинг энг намунали маҳалла раиси” номинацияси ғолиби бўлди.
– Жумабой Раҳмонқулов нафақада бўлсада, бир кун ҳам уйда ўтирмаган. Маҳалланинг муаммоларига ечим излайди. Ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонни беш қўлидай билади. Кенг феъл, ўта мулоҳазали, хушчақчақ одам, – дейди уни яхши таниган инсонлар. Маҳалла раислигига бўлиб ўтган сайловда 95 фоиз овоз олиб, йиғинга раис бўлиб сайланган. “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини Боёвут туманидаги илғор маҳаллалардан бири саналади.
Узоқ йиллардан буён одамларни тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келар эди. Депутат ташаббуси билан маҳаллада 5 та артезиан қудуғи қазилди ва 14 та кўчага қувур тортилиб, тоза ичимлик суви келтирилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этиб, 1 млрд. 250 млн. сўм ютиб олинди. Натижада 1,9 км. масофадаги йўлга асфальт ётқизилди. 300 та оилага деҳқончилик қилиш учун ер ажратилди.