ЎзХДП Марказий Кенгашида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари учун янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти”га бағишланган онлайн ўқув семинар ташкил этилди.
Партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида ўтган семинарда янги таҳрирдаги Конституциянинг ҳар бир банди бўйича тушунчалар берилди.
Маълумки, Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.
Бу борада Ўзбекистон ХДП ва унинг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, партия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича аниқ режа ва таклифлар белгилаб олинган.