Муносабат “Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса, номаъқул бўлади...”

 

Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини тўғриси, катта ҳаяжон билан тингладим. Инсон ҳақиқатга тик боқиб яшаши кераклигини чуқур ҳис этдим.

Мурожаатномада парламент аъзолари, барча депутатлар зиммасига катта вазифалар қўйилар экан, уларнинг халқ олдидаги масъулияти нақадар улуғвор эканига эътибор қаратилди. Биз ўзимизга керакли вазифаларни олдик.

Давлатимиз раҳбари “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчилиќда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак. Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади. Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан“- деб таъкидлаб ўтганларида атрофга қарадим. Ҳамманинг кўзида бу таклифдан мамнунликни кўрдим.

Бу ислоҳотларга одамларимизнинг муносабатини кучайтириш, яхши-ёмонни фарқлашда айнан жамоатчиликнинг фикрига таянишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман. Қаердаки жамоатчилик назорати кучли бўлса, ўша жойда ёлғонга ҳожат қолмайди.

Юқорида турган амалдорлар учун ҳар доим ҳаммаси зўр бўлаверади, лекин ҳақиқий аҳволни, жойлардаги вазиятни жамоатчилик билади. Халқнинг яшаш тарзи, муаммолари, орзу-ҳавасларини тўлиқ билиш, қонунлар ижросини кенг таҳлил этишда Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши катта роль ўйнаши аниқ, албатта.

Мурожаатномада халқимиз учун зарур бўлган муаммолар ечими таклиф этилди. Энди биз яратиб берилган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиб, Президент ва халқ олдидаги бурчимизни виждонан бажаришимиз керак.

Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда жуда кўп янгиликларни ҳаётга олиб киришига ишонаман. Парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш юзасидан илгари сурилган бу галги янги ташаббуслар ҳам тезда ўз самарасини беради.

Анвархон Темиров,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш