Жорий йилнинг 14 июль куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев қасамёд қабул қилди ва ўз лавозимини бажаришга киришди. Мазкур тантанали маросимда янгиланган Конституциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш энг олий мақсадимиз эканлиги таъкидланиб, бир қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, сайловчилар ҳаётини яхшилаш, инсон қадрини, эркинликларини таъминлаш учун барча куч ва имкониятларимизни жалб қилиш зарурлиги, шу мақсадда мавжуд ҳуқуқий-меъёрий базани янгилаш, янги қонунларни қабул қилиш, мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, мухтасар қилиб айтганда, қонунчилигимизни тезроқ Конституциямизга мослаштириш вазифаси берилди.
Таъкидланганидек, ислоҳотларимизнинг таъсирчанлигини ва ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида, ўзининг дастурхонида сезиши зарурлиги, ўзгаришларни ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимиз ўзининг тақдирида, ижобий томондан туб бурилиш даври сифатида ҳис қилиши учун, камчиликларимиз ва хатоларимиздан тўғри хулоса чиқарган холда фаолиятимизни қайта режалаштириш зарурати асослаб берилди.
Қонунчилик ва ижро ҳокимиятини такомиллаштириш, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ва жамоатчиликни ҳудудлардаги муаммолар ичига чуқурроқ кириши, аниқ мақсад ва вазифаларни, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш орқали, халқимизнинг ишончини оқлаш нафақат вазифамиз балки инсоний бурчимизга айланиши зарурлиги бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, электр энергия билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш ижтимоий давлатимизнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Албатта, халқимиз қонунлари устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатни қуришда депутат ва сенаторлардан, ижро ҳокимиятидан янги ташаббус ва ғояларни, зиммасида бўлган вазифаларга ҳалоллик ва масъулият билан ёндашувни кутмоқда.
Биз ҳам, ўз навбатида сайланган Президент томонидан илгари сурилган вазифалар ва халқимиз кутаётган туб бурилиш ва ўзгаришлар даврида ўз олдимизга қўйилган вазифаларни масъулият билан, янгича шижоат ва ғайрат билан амалга оширишимиз ҳамда Янги Ўзбекистон билан ҳамнафас ҳолда янгича ёндашувни талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, янги давр Ўзбекистон учун амалий натижалар даврига айланади.
Шоҳиста ТУРҒУНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати