Мени энг кўп қувонтирган ташаббуслар

 

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг эртасини белгилаб берувчи ғоялардан иборат бўлди.

Энг аввало, ўтган йилда амалга оширилган ислоҳотлар фактларга асосланган ҳолда баён этилди. Дарҳақиқат, халқимизнинг кўплаб хоҳиш ва истаклари рўёбга чиқишига эришилди. Хусусан, тўғридан-тўғри инвестициялар 2018 йилга нисбаттан 3,7 баробар ўсганлиги, боғчаларга болаларнинг қамрови 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилгани ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ўтган йилнинг ўзида 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилгани алоҳида қайд қилинди.

Шу билан бирга, Мурожаатномада баён этилган ҳар бир масала, йўл қўйилган хато, камчилик ва муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

Яна бир муҳим масала, биламизки, бугунги кунда жойлардаги кўплаб муаммолар ҳал этилишида кадрларнинг ўрни муҳим албатта. Қишлоқларимизда иқтидорли болаларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо олий таълимда квоталарнинг ёхуд давлат гранти асосида ўринларнинг камлиги мазкур ёшларнинг иқтидорини намоён қилишлари учун етарли эмас.

Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномадаги мени энг қувонтирган масалалар олий таълимдаги давлат гранти ўринлари икки баробарга оширилиши, имтиҳонлар соддалаштирилиши, мутахассисликка тегишли бўлмаган фанларнинг қисқартирилиши бўлди. Булар салоҳиятли кадрларни еттишиб чиқишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Умуман, Мурожаатнома кенг кўламли экани, деярли барча соҳа қамраб олингани, фактларга асослангани, вазифаларни ижро этувчиларининг “эга ва кесими” аниқ белгилангани, камчиликларимиз рўй рост айтилгани билан қимматли, деб ўйлайман.

Ушбу Мурожаатномадан фаолиятимизга оид янги ёндашувлар, ташаббус ва ғоялар олдик. Унда баён этилган ҳар бир устувор йўналиш ижроси мамлакат тарихида янги бир саҳифа очишига ишонаман ва бу жараёнда депутатлик ҳиссамни қўшишга астойдил интиламан.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш