Мурожаатномага таълимдан жавоб

 

Бу нарсани айтишга маънавий ҳаққим бор деб ҳисоблайман: Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси фақат давлат раҳбарининг депутатлар ёки сенаторларга қарата айтилган гаплари эмас, балки Президент тилига кўчган халқнинг Мурожаатномаси ҳам бўлди. Чунки унда кўтарилган мавзулар халқчил, аҳоли манфаатлари учун хизмат қилади. Шу жиҳатдан ҳам мурожаат кўпчиликка ёқди, деб ўйлайман.

Мен Мурожаатномани Қорақалпоқ давлат университетида ўтириб, телеканалдан тингладим. Қўлимдаги бир парча қоғозга талабаларимга айтиб бераман, деб муҳим масалаларни ёзиб ҳам олдим:

Президент ўз нутқида таълим тизимидаги муҳим мақсад ва вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди. «Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади».

Бола ўстираётган мендек ҳар бир она, ўйлайманки, бу гапдан суюнди. Ахир қайси ота хоҳламайди дейсиз, фарзандининг мактабга тайёр ўқув “форма”сида боришини, қайси она истамайди, боласи 6 ёшида мактабга боришга тайёр бўлсаю, у асло унинг эртанги мактабидан ховотирсиз ишласа... Мана гап қаерда эди? Демак, мурожаатномада айтилган ушбу масала кўп болаларнинг ҳаётини ўзгартиради.

Давлат раҳбари боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йил 60 фоизга етказиш кераклигини айтди. Бунинг учун 2020 йилда 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади. Мурожаатномадаги бу гаплар боғчага боласини ўз вақтида бероломай, навбат кутаётган ота-оналарнинг тилаги, истаги ҳам эди. Яна у ота-оналарнинг боласини боғча тарбиясига ишониб бераётганини ҳам билдиради. Ўйлайманки, ушбу мурожаатдан сўнг боғчага боролмаётган болалар сони камаяди. Сиз ишда бўлсангиз, фарзандингиз ишончли қўллар – боғчада тарбияланади.

«Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга, юқори маош тўлаш тизимини жорий этамиз», – деди яна ўз нутқида Президент. Мурожаатномадаги бу гаплар биз, ўқитувчиларга хуш ёққани рост. Бу ойлигимиз камлиги учун эмас, асло. Чунки аллақачон махсус қарор билан ўқитувчиларнинг ойлик-маоши яхшиланган. Гап инсон меҳнати ва қадрининг мукофотланиши ҳақида кетмоқда. Педагогларнинг қийин меҳнатини ҳис қилган Президентимизга раҳмат айтмоқчиман.

“Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробарга кўпайтирилади, қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини Хотин-қизлар қўмитаси ишлаб чиқиши керак”, дейди Президент мурожаатномада. Олий таълим тизимида давлат грантини кўпайтириш ва қизларга алоҳида имтиёз яратиш масаласи кўпчиликнинг хаёлида чалғиётган “энди давлат грантлари йўқ бўлар экан”, деган гапни йўққа чиқарди. Бундан кўринадики, давлат ёшларнинг саводи, билими, таълими учун маблағини аямайди, бюжетдан қанча пул керак бўлса, сарфлашга тайёр ҳам.

Мурожаатномада таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиб, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилиши ҳам таъкидланди. Педагогик таълимнинг олти йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланиши режалаштирилди. Бу гаплар номутахассислик фанлар ва соҳага алоқаси йўқ фанлардан чарчаётган талабаларнинг шикояти ҳам эди. Мурожаатномада ушбу масаланинг айни пайтида яна бир бор кўтарилиши яхши бўлди. Ҳам талаба, ҳам халқ, ҳам тадбиркор, ҳам ўқитувчи, ҳам шифокор бўлиб, ҳар бирининг дарди, муаммосини тушунтира олган Мурожаатнома бўлгани билан барчани самимий қутлайман.

 

Қумар БЕГНИЯЗОВА,

Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси,

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси,

Халқ демократик партияси фаоли.

← Рўйхатга қайтиш