Хотин-қизлар манфаати биз учун устувор масала

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёйев парламентга 2019 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини тингларканман, кўнглимда фахр ва ифтихор туйиш билан бирга янада кучлироқ масъулиятни ҳис қилдим.

Аввало, Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши мени қувонтирди. Чунки ҳар бир соҳанинг такомиллашиши албатта, биринчи навбатда илмга, маърифатга бориб тақалади. Бу жамият ривожида муҳим ўрин эгаллайди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ва бу нарса жорий йилда янада кучайтирилишини айтди. Бу сўзлар ҳар бир ўзбек аёли учун қувончли экани аниқ. Жумладан, 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиярд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши, бундан ташқари, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши таъкидланди.

Мурожаатда айнан оғир турмуш шароитда яшаётган аёлларга кўмак бериш бўйича аниқ режалар билдирилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Вилоятимизда ҳам кам таъминланган, шароити қийин бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йили жами 54 нафар аёлга кўп қаватли уйлардан ва икки сотихли коттежлардан уй-жой ажратилиб, улар учун 1 миллиард сўмлик бошланғич бадал тўлаб берилди.

 Бугунги кунда шароити оғир аёллар янги уйларда яшаб келишмоқда. Шу билан бирга 105 нафар хотин-қизга “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” томонидан 5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Улар тикувчилик, паррандачилик, оила боғчаси ва бошқа йўналишларда тадбиркорлигини йўлга қўйишди. Натижада 804 та иш ўрни яратилди.

Биргина ўтган йилда 238 та оила боғчалари ишга тушиб, уларда 649 та хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланди. Жорий йилда Президентимиз таъкидлаганларидек, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида ташкил этилган тадбиркорлик марказларида тадбиркорликка қизиққан аёлларнинг ўқувини ташкил этиш янада кенгайтирилади. Чунингдек, ўсмир қизлар саломатлиги, уларни обод-ахлоқи, маънавиятини юксалтириш бўйича тизимли тадбирлар олиб борамиз. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг бизни қўллашга тайёрлиги кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади.

 

Насиба СОДИҚОВА,

Навоий вилоят ҳокими ўринбосари вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Халқ демократик партиясидан вилоят Кенгаши депутати.

← Рўйхатга қайтиш