Ёшлар – келажагимиз бунёдкорлари

 

Шумоной туманидаги 13 сон болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ташаббуси билан “Ёшларимиз – келажагимиз бунёдкорлари” мавзусида ёшлар билан очиқ мулоқот кечаси ташкил этилди.

Тадбирни Шумоной туман ҳокими Баҳадир Янгибаев кириш сўзи билан ошди ва ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапириб ўтди. Ёшларни ўйлантираётган муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама этилди.

– Қорақалпоғистон Республикасида Халқ демократик партиясининг 37416 нафар аъзоси бўлса шундан 13 457 нафарини ёшлар ташкил этади, –деди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. – Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар ёшлар сайланди, шундан икки нафари партиямиз аъзосидир. Кўриниб турибдики, ёшларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол кириб келмоқда. Энг муҳими, улар ислоҳотларга дахлдорлик яшамоқда. Демак, биз йигит-қизлар орасига янада кўпроқ кириб боришимиз, улар билан дилдан суҳбатлашишимиз керак. Орзу-ҳаваслари рўёби учун курашишимиз талаб этилади. Бугунги тадбир ҳам шу мақсадда ташкил этилди.

Очиқ мулоқот чоғида туманда чет тилларини ўргатувчи марказ ташкил этиш, мактаблар учун интернет алоқасини яхшилаш, таълим даргоҳларини зарур адабиётлар билан таъминлаш масалаларида учраётган муаммолар очиқ-ойдин айтилди. Тегишли ташкилотлар вакилларига аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, тадбирга фаол қатнашган ёшлар ташкилотчилар томонидан Фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди. Тадбир давомида айрим ёшлар партия аъзолигига қабул қилинди ва гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Ўзбекистон овози” муҳбири.

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш