Ҳурматли аёллар, келинг, янги марралар сари биз ҳам дадил одимлаймиз!

 

Аввало, бир нарсани таъкидлашни истардим, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат парламентга балки, бутун халқимизга Мурожаатнома бўлди. Халқнинг кўнглидаги дарди, муаммосини кўтарди, одамлар қалбидаги ишончни янада мустаҳкамлади.

Бундан айниқса, аёлларимиз, оналаримизнинг қувончи чексиз. Инсон қадри улуғланаётган мамлакат оналари авваламбор фарзандининг яхши ўқиши, меҳнат қилиши учун яратилаётган муносиб шароитлардан боши осмонга етиши аниқ. Аёл ҳаётидан рози бўлса, у биринчи навбатда фарзандини ақлли, заковатли, илмли, маърифатли, ватанпарвар, миллатпарвар этиб тарбиялайди, бунинг учун бор кучини сарфлайди. Бу исботланган ҳақиқат. Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам энг аввало, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётидан рози бўлган ҳолда яшашига эришиш лозимлигига қаратилган. Бугун биз аёлларимиз нигоҳида ана шундай розилик ва шукроналикни кўраяпмиз.

Хотин-қизларимизни руҳлантирган яна бир муҳим масала Президентимизнинг “Бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз”, деган сўзлари бўлди. Чунки ўтган 3 йил давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояси борасида 20 дан ортиқ Қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинганлигининг ўзи эътирофга лойиқ. Демак, 2020 йилда ҳам хотин-қизларга эътибор бунданда юксак даражада бўлиши кутилмоқда.

Мурожаатномада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, партиямизнинг “Фаол аёллар” қаноти хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредит ажратилишининг давом эттирилиши, уларни тадбиркорлик марказларида ўқитилиши, тадбиркорлик ўқувига эга бўлмаганларга ҳунармандчиликни ўргатиш ва касбга қайта тайёрлаш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатиши керак, деб ўйлайман. Бунинг учун янги самарали лойиҳалар ишлаб чиқишимиз, уларни ҳаётга жорий этишда депутатлар фаоллигини ошириш лозим.

Айни кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларимизнинг 11 нафари, маҳаллий кенгашларга сайланганларнинг 439 нафари аёл депутатлардир. Бу катта куч ва имконият дегани. Биз хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилишда уларнинг ваколатидан кенг фойдаланишни мақсад қилдик.

Шижоат билан ишласак, Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни албатта бажарамиз! Халқ демократик партияси сафидаги ҳар бир хотин-қиз Янги Ўзбекистоннинг ривожи учун бор куч-ғайратини сафарбар этишига ишонаман.

 

Гулшан АСАТОВА,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш