Мутақиллик-бу сўз замирида қанчадан қанча машаққатли меҳнат ва синовли даврлар, ота-боболаримизнинг орзу ва ниятлари мужассам. Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган ўзбек халқи ҳам 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди - Ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Мустақилликка эришган кунимиздан буён халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврларда амалга оширилган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши ўзгарди, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида фаоллиги ошмоқда ва бу албатта, келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир Уйғониш жараёни кечмоқда, яъни “Янги Ўзбекистон” сўзи халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.
Янги Ўзбекистон - бу янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис, мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда.
Бугунги кунда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.
Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди, яъни “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилди. Шу асосда, ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилиб, вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум орқали қабул қилинган янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамланди ҳамда давлатнинг ижтимоий соҳага оид масъулияти 3 баробарга ортди.
Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Шунингдек, давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлари унинг яримини ташкил этиб, бугунги кунда 64,4 триллион сўм маблағлар мазкур соҳага йўналтирилган.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Сўнгги йилларда болаларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси илгариги 27,7 фоиздан 3 баробарга ортиб, 72 фоизга етди, боғчалар сони эса қарийб 3 марта кўпайиб, 14 мингдан ошди.
Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.
Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими харажатларига Давлат бюджетидан 30,1 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 трлн сўм кўп маблағ йўналтирилди.
Маҳаллаларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида минглаб ўғил-қизларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгалламоқда.
Юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Уларнинг муаммоларани ўрганиш ҳамда ҳал этиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича янги тизим – “Меҳр дафтари” жорий этилди. Биргина жорий йилнинг ўзида Давлат бюджетидан жисмоний ёки психик ривожланишда нуқсони бўлган болалар учун мактаб интернатларга 557,6 млрд. сўм, “Меҳрибонлик уйлари”га 21,6 млрд. сўм, болалар маҳаллаларига 4,8 млрд. сўм ажратилган.
Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сўз борганда, хотин-қизларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлиғини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этувчи хотин-қизларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан 2 та қонун, Президентимизнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилингани биз аёлларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.
Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилиши, магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини давлат бюджетидан қоплаб берилиши, 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиниши ҳамда хотин-қизларга 7 йилга фоизсиз таълим кредити берилиши, бу яратилаётган шарт-шароитларнинг бир қисми холос.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ ижтимоий суғурта орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаб бериш тизими жорий этилди. Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик юритувчи субектларда ишловчи 7 732 нафар аёлларга 15,4 млрд сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаб берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида барча соҳа ва тармоқлар бўйича тараққиётимиз якунларини чуқур сарҳисоб қилиш имконияти бўлади. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эса, санаб саноғига етиш қийин.
Ишонамизки, Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.