Маблағлар ўз вақтида ва мақсадли сарфланиши зарур

 

Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мамлакатимизда устувор йўналишга айланди. Натижада тадбиркорларимиз республикамизнинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини оширишга улкан ҳисса қўшмоқда. Улар инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратишда ибрат ва намуна кўрсатмоқдалар, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этмоқда.

Мажлисда таъкидландики, дунёда юзага келган мураккаб вазият, транзит ва логистикадаги муаммолар, асосий иқтисодий ҳамкорларимиз бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг пасайиши каби ҳолатлар Ўзбекистон иқтисодиётига, шу жумладан, бюджет ижроси жараёнига, пул-кредит, молия тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказди.

Ўз вақтида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш имкониятини берди. Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 5,6 фоизга ўсди. Ташқи савдо айланмаси 29,2 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 19,4 фоизга ўсган. Рес­публика ҳудудидаги аҳолининг реал даромадлари 6,5 фоизга ошган ҳолда, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 9,3 млн сўмни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида мамлакатимизда солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ имтиёзларини бериш, солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари ошириб (106,3 фоизга) бажарилишига эришилди.

Депутатлар мамлакатимизда электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, кўмир ва бошқа ёқилғи–энергия ресурсларини қишга ғамлаш борасида барча имкониятлар ишга солинаётганини эътироф этган ҳолда, куз–қиш мавсумига оз фурсатлар қолганига қарамасдан иссиқлик таъминоти объектларини қишга тайёрлаш ишлари суст кетаётгани сабаблари билан қизиқдилар.

Ҳусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Давлат бюджетидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш учун харажатларга ажратилган маблағ 41 фоизга ижро этилгани танқид остига олинди.

Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

 

Ўзбекистон ХДП фракцияси позицияси

Ўзбекистон Халқ демократик партия­си фракцияси кун тартибидаги муҳим масала юзасидан ўз позициясини билдирди.

Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг аксарият қисми партиямиз дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалалар, яъни ижтимоий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилганлиги ҳамда давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятини бажаришга қаратилгани диққатга сазовор.

Ҳукумат томонидан солиқ маъмурчилиги бўйича ижобий ишлар амалга оширилганини ҳам эътироф этиш керак. Хусусан, 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида фойда солиғи тўловчилар сони 176 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 фоизга ошган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари биринчи ярим йилликда 14,4 трлн сўмни ташкил этгани натижадорлик ошаётганини кўрсатади.

Албатта, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар кўлами жуда кенг. Шу билан бирга, айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Бу борада ҳукуматга бюджет маблағларидан самарали сарфланиши юзасидан қуйидагилар таклиф этилди:

Биринчидан, бюджет даромад қисмини кўпайтиришда норасмий секторда фаолият олиб бораётган фуқаролар даромадларини легаллаштириш муҳим манба ҳисобланади. Бу борада ҳукумат қандай аниқ чоралар кўраётгани, қандай реал натижаларга эришилаётгани ҳақида тегишли маълумотлар тақдим этилмаган. Фракциямиз келгусида мазкур йўналишда батафсил ахборот бериб боришни тавсия этади.

Иккинчидан, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, малакали тиббиёт хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга Давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилмоқда. Лекин уларни ўз вақтида ва мақсадли ишлатишда айрим муаммолар кўзга ташланмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган бюджет маблағларининг мақсадлилиги ва самарадорлиги бўйича жиддий саволлар туғилмоқда.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида тасдиқланган штатлар жадвали ва харажатлар сметаси 3,7 млрд сўмга ортиқча режалаштирилган. Бу бир мисол сифатида келтирилмоқда. Мана шундай камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни қисқа вақтда бартараф этиш бўйича мутасадди вазирликлар ўзларининг таъсирчан чораларини кўриши керак, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, ҳисоботда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ажратилган бюджет маб­лағларини иссиқлик таъминоти объектларини реконструкция қилиш учун 41,1 фоизи сарфлангани кўрсатилган. Бу эса яратилган имкониятлардан самарали фойдаланилаяптими, деган саволни келтириб чиқаради.

Мазкур масала бўйича фракция йиғилишида ҳам тўлиқ асосли жавоб олинмади. Шуларни ҳисобга олиб, бюджет маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан Ҳукумат томонидан жиддий назорат олиб борилишини тавсия этамиз. Фракциямиз депутатларини ушбу жараёнларда фаол иштирок этишини маълум қиламиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2023 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлаймиз. Зотан, бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, давлат идоралари, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона, тизимли равишда сарфлаши лозим.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

 

«Ўзбекистон овози», 23.08.2022, №32

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш