Оддий давомийликдан силсила сари

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йил якунларига берилган баҳодан шуни англаб етиш мумкинки, кейинги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиёти янги сифат босқичига кўтарилди. Биргина мисол, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори кейинги бир йилда 3,7 бараварга ошди. Саноатнинг 12 та етакчи тармоғида модернизациялаштириш ва рақобатдошликни ошириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда. Энг асосийси, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳит яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини англаш, шу асосда мулоҳаза қилиб, фаолиятимизни юритиш мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

 

Мозийга қараб...

Бундан уч йил олдин мамлакатимиз иқтисодиёти учун ўта оғир “мерос” бўлиб ётган бир қанча муаммолар ўз ечимини топди. Яъни, қўшни давлатлар билан алоқаларимиз тубдан яхши томонга ўзгарди. Пул-кредит ва валюта сиёсати замонавий бозор механизмлари ва дастаклари орқали амалга оширила бошлади. Янгича солиқ сиёсатига ўтишда муҳим қадамлар қўйилди. Ташқи ҳамкорлар билан ишончли муносабатлар ўрнатилди. Натижада чет эл сармоядорлари ва халқаро молия ташкилотлари бизга ишонч кўзи билан қарай бошлади. Тадбиркорларимиз сармояларини иқтисодга йўналтира бошлади. Умуман олганда, жамиятда иқтисодиётнинг барча йўналишида адолат принциплари қарор топди.

Шу ўринда жамият ва иқтисодиётдаги ўзгаришларни ривожланиш “силсила”сига қиёслаш истаги туғилади. “Силсила” том маънода аввалги жараёнлардаги қадриятларга асосланган ривожланишнинг давомийлик занжирини англатади. Мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти ҳам “силсила” каби ривожланиши учун давомийлик занжири аввалги даврларда шаклланган самарали муносабатлар, анъаналар, урф-одатлар, бир сўз билан айтганда, қадриятларга асосланган бўлиши лозим.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётимиз ривожланишида тўсиқ бўлаётган иллатлардан ҳали халос бўлолмаганимизни яққол кўрсатиб бердилар. Соғлиқни сақлаш, фан, таълим, қурилиш ва бошқа соҳаларда коррупция аломатларининг юқорилиги, яширин иқтисодиётга барҳам берилмаётгани, истеъмол бозорида нарх-навонинг нобарқарорлиги ва инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолаётгани, давлат иштирокидаги корхоналарда самарадорликнинг пастлиги, банк тизими замон талабларидан ортда қолаётгани, банк мижозни эмас, балки ҳанузгача мижоз банкнинг кетидан югуриб юргани тоқат қилиб бўлмайдиган ҳол экани яшириб ўтирилмади.

Яна бир муҳим масала – узоқ вақт давомида интеграция жараёнларида фаол иштирок этмаганимиз туфайли бугунги кунда меҳнат миграцияси, фуқароларимизнинг чет давлатларга бориб ишлашида жиддий муаммолар юзага келмоқда. Айниқса, мамлакатимизнинг улкан транзит қобилияти ва салоҳиятидан ўта паст даражада фойдаланаётганимиз Мурожаатномада кўрсатиб берилди.

 

Силсила – давомийлик занжири

Мурожаатномадан келиб чиқиб, юқорида келтирилган фикримизни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Дастлабки фикримизга қайтадиган бўлсак, жамиятимиз ва иқтисодиётимиз ривожланиши оддий давомийликдан эмас, балки “занжир”лари “занг”лардан тозаланган “силсила” каби бўлиши талаб этиляпти. Муҳтарам Президентимиз “биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айтлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз” деб таъкидлаши ва 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб эълон қилиши бунга далил бўлиб турибди.

Нега Президентимиз илм, маърифатни ва рақамли иқтисодиётни устувор қилиб қуймоқда? Ўсиш суръатларимиз 5 фоиздан юқори бўлса, бюджет кўрсаткичларимиз бажариляпт, ҳеч ким оч қолаётгани йўқ, замонимиз тинч, деб яшайверсак бўлмайдими?

Йўқ, бўлмайди. Буни қатъий айтишимиз керак. Бугун Ўзбекистон аҳолиси Марказий Осиё давлатлари аҳоли сонининг деярли ярмини ташкил этмоқда. Бутун дунёда ўртача ҳар 50 йилда аҳоли сони икки баробарга ошса, Ўзбекстонда бў кўрсаткич 34 йилни ташкил қиляпти.

Халкаро валюта жамгармасининг 2019 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ аҳоли жон бошига 1830 АҚШ долларига тенг миқдорда бўлса, бу кўрсаткич Қозоғистонда 9139 АҚШ доллари, Россияда 11 163 АҚШ доллари, Беларусияда 6604 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Мамлакатда демографик босим жуда юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, жадал суръатларда ривожланмасак, аҳоли жон бошига реал даромадларимизни ошира олмаймиз.

Президентимиз Мурожаатномада Шарқ донишмандларидан иқтибос келтириб “ ...Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” деб айтдилар. Бу сўзнинг таг-замирида жуда катта маъно бор, биз ҳаммамиз бу оддий ҳақиқатни чуқур англаб етишимиз керак. Шу ўринда севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг 2012 йилдаги бир учрашувда айтган қуйидаги пурмаъно фикрларини келтиришни ўринли деб ўйлайман: “Ҳар қандай миллат тараққиётининг учта асоси бўлади, Булар: истеъдод, илм ва тажрибадир. Агарда улар жамиятда ўз қадрини топмаса, уларнинг ўрнини таниш-билишчилик, жаҳолат ва зўравонлик эгаллайди. Бундай миллатнинг эса, келажаги бўлмайди”.

Таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, бефарқлик, жаҳолат ва зўравонлик ҳукмрон бўлган жамиятда коррупциянинг чеки-чегараси бўлмайди. Адолатсизлик авж олади.

 

Ўз-ўзини ташкиллаштириш

Физикада термоядро жараёнларига оид “ўз-ўзини ташкиллаштирувчи тизимлар”га оид қонун мавжуд. Бундай тизимлар ички ёки ташқи шароитларнинг ўзгаришига қараб, олдинги жараёнлардан келиб чиқиб, ўз тузилмасини сақлаб қолиш ёки такомиллаштириш хусусиятига эга. Агарда, иқтисодиётда ҳам мана шундай тизимлар амал қилмас экан, ривожланиш бўлмайди. Бу фикрнинг тасдиғини топиш учун яна Мурожаатномага эътибор қаратамиз. Президентимизнинг рақобат муҳитини шакллантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, иқтисодиётга давлат аралашувини чеклаш, оқилона бошқарувни ташкил этиш ва сифатини оширишга қаратилган бир қанча илғор фикрлари ва Ҳукумат олдига қўйган аниқ вазифалари, албатта, барчамизни қувонтирди.

Иқтисодиётда ўз-ўзини ташкиллаштириш – анархия дегани эмас. Албатта, тадбиркорлик, бизнес муҳитини шакллантиришда давлатнинг роли катта, лекин бизнес фаолиятига таъсир кўрсатишнинг бевосита ва билвосита усуллари ва дастаклари мавжуд. Президентимиз Мурожаатномада айнан иқтисодиётни эркинлаштириш нуқтаи назаридан билвосита усулларни кенгроқ қўллашни таклиф этди. Мурожаатномада давлат томонидан 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархи тартибга солинаётгани эркин рақобатга салбий таъсир қилаётгани қайд этилди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, энди асосий эътибор нархларни белгилаш эмас, балки соғлом рақобатни таъминлашга, монополия соҳаларига хусусий секторни олиб киришга қаратилади. Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегияси ишлаб чиқиладиган бўлди.

 

“Драйвер” алмашадими?

Мурожаатномада айтилганидек, ҳозирги вақтда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ига айланаётгани ҳаммамизни қувонтиради. Ушбу соҳа янада ривожланиши учун кенг имкониятлар борлиги айтиб ўтилди. Фаол инвестициялар бу соҳанинг ривожлантириш манбаи бўлиб хизмат қилади. Худди шунингдек, нефт-газ, ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, металлургия, кимё ва бошқа бир қанча соҳаларда ҳам ислоҳотлар ривож топади.

Нега унда ҳали шаклланмаган рақамли иқтисодиётга бунчалар катта эътибор беряпмиз, анъанавий иқтисодиёт тармоқларини ривожлантираверсак бўлмайдими, деган савол туғилади. Бунга жавобан Президентимиз айтганларидек, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ишлаб чиқаришда рақобатбардошликни, давлат ва жамият бошқарувида эса, натижадорликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, энг оғир иллат – коррупцияга қарши курашишда самарали восита бўлади.

Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткич Россияда 3 фоиз, Қозоғистонда 4 фоиз, Хитойда 6 фоиз, Жанубий Кореяда 8 фоиз. Бу борада тузилган дунё рейтингида энг етакчи давлатлар қаторига Норвегия, Швеция ва Швейцария, юқори ўнталикка эса, АҚШ, Буюк Британия, Дания, Финляндия, Сингапур, Жанубий Корея ва Гонконг киради.

Рақамли иқтисодиёт деганда, электрон савдо, интернет-банкинг, электрон тўлов тизимлари, интернет-реклама, интернет-ўйинлар, электрон ҳукумат, ишлаб чиқаришга рақамли технологияларни киритишни тасаввур қиламиз. Ушбу соҳанинг янада муҳим жиҳатлари шундаки, унинг ривожланиши рақамли компьютер ва бошқа ахборот технологиялари, сунъий интелект, роботлаштириш соҳаларининг тез ривожланишига туртки беради. Ушбу соҳалар билан боғлиқ илм-фан ҳам тараққий этиб боради.

Рақамли иқтисодиёт мамлакатимиз ташқи иқтисодиёдий алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Тасаввур қилинг, хорижга экспорт қилинаётган 1 тонна пахта толаси эгаллаган жойга минглаб мобиль телефонларни ёки миллионлаб дастурий қурилмаларни жойлаштирса бўлади. Катта жой эгалламайдиган, лекин қиймати юқори товарларни экспорт қилганда, транспорт харажатларининг маҳсулот таннархига таъсири катта бўлмайди ва маҳсулот рақобатбардошлигига салбий таъсири деярли сезилмайди.   Агарда компьютер дастурлари ёки ахборот хизматлари экспорт қилинадиган бўлса, ҳеч қандай транспорт харажатлари бўлмайди. Бу эса, очиқ денгизга чиқиш учун иккита транзит мамлакатдан ўтиши керак бўлган Ўзбекистондай мамлакат учун жуда ҳам муҳим ва стратегик аҳамият касб этади.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида катта имкониятга эга. Чунки 33 миллиондан ортиқ аҳолининг рақамли хизматлар ва техника воситаларига бўлган талаби юқори.

Бугунги кунда илм-фан ривожини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, рақамли иқтисодиёт ҳам илм-фансиз ривожланмайди. АКТ ва иқтисодиётнинг барча жабҳаларини рақамлаштриш борасида ҳам мамлакатимизда ички салоҳият шаклланиб боряпти. Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ҳамда ташаббусларни ҳаётга тўғри ва изчил татбиқ қилcак, кўзланган мақсадларга эришамиз.

Бир сўз билан айтганда, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун барча имониятимизни ишга солсак, иқтисодиётимизнинг “драйвер”ига айланади. Натижада, барча соҳа изчиллик билан ислоҳ қилиниб, янада тараққий этади.

 

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қумитаси раиси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш